Бугун бозорларимиз файзи ўзгача! (+видео)
Юрт мустақиллиги ҳар доим халқимиз томонидан кўтаринки руҳда, шоду-хуррамликда кенг нишонланади. Чекка ҳудудларда аллақачон халқ сайиллари, шодиёналар бошлаб юборилган. Шу кунларда пойтахтимиз аҳли ҳам байрам тадоригида. Кимдир тўкин дастурхон учун, яна кимдир мактаб бозори учун шошмоқда. Бозорларимизда эса савдо авжида.
Айтиш керакки, ўтган даврда халқимиз турмуш даражасида ўсиш кузатилди: ҳар бир оилада икки-уч автомобиль, жамиятимизда уйсизлар камайди, ўртача иш ҳақи 5-6 миллион сўмдан ошди, дастурхонимиз тўкис бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш йилдан йилга ошиб боряпти, экспорти кўпайди. Лекин шу ўринда бозорларимизда нархларнинг ҳам кескин даражада ўсиши кузатилмади. Бу ҳам бўлса аграр тармоқда тўғри сиёсат юритилгани, меҳнат қилган инсон манфаат кўраётгани, деҳқончилигимиз мўл-кўл бўлаётганидан далолат.
Айни кунларда бозорларимизга қадам ранжида қилсангиз, сизни албатта ўзгача бир муҳит қарши олади. Одамлар юзларидаги табассум, миллий ва замонавий қўшиқлар тараннуми, расталардаги хилма-хил нозу-неъматлар, сархил мева-сабзавотлар, тилими тилни ёрувчи полиз маҳсулотлари. Муҳими арзончилик киши кайфиятини тоғдек кўтаради.
Давлатимиз раҳбарининг “Аввал инсон, кейин давлат ва жамият” деган эзгу ғояси ўз тасдиғини топмоқда. Хусусан, бозору расталарнинг тўкинлиги, аввало, инсонга берилаётган эътиборнинг намунаси дейиш мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QfIF0onMwW8" title="Bugun bozorlarimiz fayzi oʻzgacha!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳолини зарур турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш мақсадида Тошкент шаҳрида 12та деҳқон бозори ва 1та қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорининг ҳар бирида арзонлаштирилган савдо ярмаркаларининг доимий фаолияти ташкил этилган. Байрам кунлари эса ҳудудлардан озиқ-овқат ортилган карвонлар пойтахт аҳолисига ризқ улашади.
Масалан, “Авиасозлар деҳқон бозори” АЖга Бухоро вилояти бириктирилган бўлиб, пойтахтликлар учун ҳар куни сархил мева-сабзавотлар, гўшт маҳсулотлари пешма-пеш етказиб берилмоқда.
Шу кунларда бундай масканлар байрам тадориги билан юрган ҳаридорлар билан янада гавжум. Зеро, бозор маъмурияти харидор ва сотувчиларга байрам кайфиятини улашиш мақсадида катта тайёргарлик кўрди.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор сақлаб қолиш мақсадида “Даладан - дастурхонгача” тамойили асосида деҳқон ва фермер хўжаликлардан маҳсулотларни бозор расталарига арзонлаштирилган ҳолда кириб келишини таъминлаш, нархларнинг сунъий ошиб кетмаслигини олдини олиш борасида муайян ишлар олиб бормоқда. Бу борада сотувчилар ўртасида ўтказилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам яхши самара бермоқда.
Бундан ташқари бозор ҳудудида жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилган бўлиб, нархларнинг ошиб кетмаслигида уларнинг ҳам ҳиссаси қўшилаётир.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА