“Бугун бекорга жанг қилмаганимизни англаб етдим”
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатларини ўз кўзи билан кўриб, жанггоҳларда Ватан озодлиги учун қон кечган қаҳрамонлар бу ҳақда қанча сўзласа ҳам биз, бугунги авлод вакиллари урушнинг халқлар бошига солган мислсиз азобларини тасаввур қила олмаймиз. Яхшиямки, ўша машъум воқеаларнинг тирик гувоҳлари оз бўлсада орамизда бор. Уларнинг самимий суҳбатлари, ҳикоялари орқали уруш ҳақида маълумотларга эга бўламиз.
Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш қатнашчилари хонадонларига борар эканман, янги бир ҳикоя эшитиш илинжида ошиқаман, аммо бу хотиралар улар учун қийин ва азобли эканини ҳам биламан.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Додиқ МФЙ Ўртаўз қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдухолиқ бобо Боймуродов бу йил 98 ёшни қарши олди. Тақдирнинг минг бир синовларига бардош берган фахрий жангчи бугун фарзандлар, набира-ю чеваралар ардоғида.
– 1942 йилда урушга кетдим, – дейди А.Боймуродов. – Дастлабки тайёргарликдан сўнг Сталинград остонасидаги жанггоҳга олиб боришди. Айни шу ерда жанг ниҳоят қаттиқ бўляпти. Фашистлар армияси ҳам шу ҳудудни эгаллашга бор кучини сарфламоқда. Биринчи жанг ҳеч эсимдан чиқмайди. Жангга кирган бутун бошли гуруҳ яъни 300 нафардан зиёд аскардан атига 10 фоизи тирик қолдик ва бир қишлоққа чекиндик. Катта-катта бочкаларда жон сақладик неча кун. Ён атрофимизни душман қўшини ўраб олган. Фақат дарё томон очиқ. Ундан ўтишга уриниш эса, ўзни ўлимга отиш билан тенг. Охири бизга қайиқ жўнатишди. Кеч пайти ҳаммамиз қайиққа қараб югурдик. Афсуски, душман разветкаси бизни пайқаб қолди. Олдимизда бошқа йўл йўқ эди. Ўқлар ёмғири остида қайиқларга чиқдик. Ўнг кўксимдан ўқ едим. Лекин омон қолдим. Қанча қуролдошларим қирилиб кетди. Ўша воқеаларни эсласам ҳозир ҳам вужудим титраб кетади. Мана бугун уруш йилларида орзу қилиб хаёлимизга келтира олмайдиган кунлар келди. Ҳамма нарса муҳайё, ёшлар эркин қуш. Набираларимнинг қўлга киритаётган ютуқларини эшитсам, бекорга жанг қилмаганимдан фахрланаман.
Абдухолиқ бобо уруш хотираларини гапириб берар экан, баъзан чуқур ўйга толади. Ҳазин нафас олади. Кўплигидан исмини ҳам билмайдиган 3-4 ёшли чеварасини бағрига босиб эркалайди. Унга боқиб бирдан ажин босган юзларига ним табассум югуради.
– Абдухолиқ бободек Ватан қаҳрамонларининг маҳалламизда борлиги бутун халқимизнинг қалбида фахр уйғотади, – дейди Додиқ МФЙ раиси Маҳмуд Намозов. – Фақат байрамларда эмас, доим отахоннинг хонадонига келиб, ҳолидан хабар олиб, суҳбатларини эшитиб кетамиз. Айниқса, маҳалламиз ёшларини учрашувларга олиб келаман. Мустақиллик фарзандлари учун бобонинг ҳикоялари эртакдек туюлади.
Рост. Машъум уруш қанчадан-қанча тинч оилаларнинг ёстиғини қуритди. Қанча март йигитлар қўлтиқтаёқда уйига қайтди. Ўзи ҳали нима эканлигини чуқур англаб етмаган ватан деган тушунчани қалбларига жойлаб, совуқ ўлкаларда жанг қилди, жон фидо қилди. Бугун мамлакатимиз тараққиётга юз тутиб борар экан, аждодларимизнинг ватан озодлиги йўлида чеккан азоблари хотираларда мангу қолади.
[gallery-2334]
Ў.Баротов, Ж.Норқобилов(сурат), ЎзА