Бу юртда ҳурмат, меҳр-оқибат устувор!
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Медиа марказида «Бағрикенглик ҳафталиги» якунига бағишланган Халқаро пресс клуб сессияси ташкил этилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили жаҳонда «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида нишонланиб келинади. Ушбу сана Ўзбекистонда жуда кўтаринки руҳда ўтди.
Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги тотувликни таъминлаш, бағрикенглик борасидаги Ўзбекистон тажрибаси Марказий Осиё ва бошқа ривожланган давлатлар учун андоза бўлиб хизмат қилаётгани халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Халқаро пресс клуб сессиясида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев ва бошқалар юртимизда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш мақсадида 15-20 ноябрь кунлари «Бағрикенглик ҳафталиги» юқори савияда ўтказилганини таъкидлади.
Ҳафталик давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллалар, олий ўқув юртлари, мактаблар, кутубхона ва маънавият масканларида тадбирлар бўлиб ўтди. Янги ва замонавий «Дўстлик саройлари» тантанали очилди.
– Яқиндагина марказимиз ўзининг 25 йиллигини жуда юқори савияда кенг нишонлади, – деди Ўзбекистон турк миллий маданий маркази раиси Умар Салмонов. – Унда туркиялик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Ўзбекистонда миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, турли миллат ва диний конфессияларнинг аҳил ва иноқликда истиқомат қилиши туркиялик юқори мартабали меҳмонлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

– Бизнинг юртимизда ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялашга сира ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман, – деди Ўзбекистон рус миллий маданий маркази фаоли Людмила Балабанова. – Сабаби, Ўзбекистонимизда бағрикенгликдан ҳам кўра, барчада «ҳурмат, меҳр-оқибат» деган тушунчалар кўпроқ устувор ўрин тутади. Кўп йиллар давомида педагог сифатида фаолият кўрсатиб ёшларимизнинг ўзгаларга ҳурмат, эҳтиром туйғуси билан тарбиялангани, шу руҳда камолга етаётгани қалбимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Агар жоиз бўлса, «бағрикенглик» тушунчасининг ўрнига кўпроқ «ҳурмат» тушунчасини қўллаган бўлардим. Негаки, чиндан ҳам бу юртда бошқаларга ҳурмат туйғуси жуда баланд эканига ҳар ким гувоҳ бўлмоқда.
Халқаро пресс клуб сессиясида маърифий ҳафталикнинг аҳамияти, унинг сарҳисоби хусусида батафсил сўз юритилди. Гарчи «Бағрикенглик ҳафталиги» якунланса ҳам, ўзаро ҳурмат, эҳтиром, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик Ўзбекистондек табаррук диёрда доим устувор экани алоҳида эътироф этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА