“Бу ёруғ дунёда ўчмас чироғим”
Чин истеъдод эгалари, ҳақиқий ижодкорлар ўз асарлари билан доимо тирик, номлари мангу яшайди. Шундай қалами дили, тили билан бир ижодкорлардан бири Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфдир. Ҳассос шоир тирик бўлганида бугун 67 баҳорни қарши олган бўларди.
Халқпарвар шоир хотирасини ёд этиш, асарларини оммалаштириш мақсадида мамлакатимизда турли хил тадбирлар, конференциялар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир аввалида институт жамоаси томонидан Муҳаммад Юсуф хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Институтда давом этган маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Ватан ва муҳаббат куйчиси – Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди, шоир қолдирган бой маънавий мероснинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги роли ҳақида гапирдилар. Шоирнинг замондошлари томонидан Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ хотиралар яна бир бора ёдга олинди.
Институт профессор-ўқитувчилари, талабалар томонидан Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро қилиниб, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев шундай деди:

– Халқпарвар ва ҳақпарвар шоир, инсоннинг ички кечинмаларининг моҳир таржимони Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва бой меросини қанча ўргансак, шунча оз. Шоир қалами қалби билан ҳамоҳанг ижодкордир. У нимаики ёзса, қалбдан ёзади, ҳар қанақа ортиқча ташбеҳларсиз ифода этади. Унинг ижодида она Ватан, севги-муҳаббат, ёрга садоқат, вафо, меҳр-оқибат каби туйғулар тараннумини кузатишимиз мумкин.
Муҳаммад Юсуфнинг “Қора қуёш” драматик достони асосида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ҳамда Шавкат Дўстмуҳаммадлар муаллифлигида тайёрланган “Қора қуёш” спектакли намойиш этилди.

Абдулла Қодирий, Усмон Носир сингари юрт ўғлонларининг ички кечинмалари очиб берилган, ХХ асрнинг мудҳиш воқеаларини ўзида мужассам этган саҳна асари бугунги ёш авлодни озодлик, эрк, мустақилликнинг қадрига етишга ундайди. Бугунги фаровон кунга етиш учун боболаримиз чеккан заҳматлардан томошабинларни бохабар қилади. Асар Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театри режиссёри Достон Худойбердиев томонидан саҳналаштирилган, театр рассоми Миржалол Холиқов томонидан безатилган, бош ролларни институт талабалари ижро этган.
Тадбирда иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига китоблар совға қилинди.
Муҳаммад Юсуф яратган шеърлар қўшиқларга айланиб, ёзган достонлари асосида спектакллар яратилиб, халқимизга маънавий озуқа бериш, кишиларни ўтмишга теран кўз билан қарашга ундамоқда. Зеро, Муҳаммад Юсуф эътироф этганидек, бу ёруғ дунёда ўчмас чироғи.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА