Бозорлар ва савдо комплексларида жорий этилган ахборот тизимлари такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бозорлар ва савдо комплексларида жорий этилган ахборот тизимлари такомиллаштирилади.
Уч ой муддатда бозорлар ҳудудида ва уларга туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида тўловларни ягона QR код орқали тўлаш имконияти яратилади.
Икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари тўлиқ онлайн назорат-касса техникалари билан таъминланади ёки онлайн тўловлар учун QR кодли ёрлиқлар ўрнатиш чоралари кўрилади.
Бозор ва савдо комплексларининг ахборот тизимлари ҳамда автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан автомототранспорт воситаларининг эркин киришини (чиқишини) истисно этувчи махсус хотира билан жиҳозланган электрон шлагбаум ёки бошқа қурилмаларнинг солиқ органлари ахборот тизимига интеграция қилинмагани аниқланганда, Солиқ кодексига мувофиқ жарима қўлланади.
2026 йил 1 сентябрга қадар қарорда кўрсатилган бозорлар ва савдо комплекслари, уларга туташ автотураргоҳлар тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда “E-bozor” платформасига интеграция қилинади.
2026 йил 1 октябрга қадар бозорлар ва савдо комплексларидаги ахборот тизимлари “Киберхавфсизлик маркази” ДМ билан биргаликда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилади.
2026 йил 1 августдан транспорт воситаларини сақлаш жойларидан чиқариб юбориш бўйича рухсатномани фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ва ижро органи томонидан “Жарима майдончаси” ахборот тизимида QR-код билан тасдиқлаш ва электрон тарзда юбориш тартиби жорий этилади.
Маълумот учун: Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
Вазирлар Маҳкамасининг “Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 27 ноябрдаги 791-сон қарорида йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган;
республикадаги 300 дан ортиқ бозорлар ва савдо комплексларида тажриба-синов тариқасида коррупция ва хуфиёна айланмаларнинг олдини олишга, савдо тушумлари ортишига хизмат қилувчи рақамлаштириш ишлари амалга оширилган;
Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2023 йил 11 августдаги 358-сон қарори билан қонунчилик ҳужжатлари бузилгани учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетиш тартибга солинган эди.
ЎзА