Божхоначиларимиз ҳам сайловда фаол иштирок этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки, бу давлат раҳбари - Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бугун бўлиб ўтаётган Президент сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилмоқда.
Айни дамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида овоз бериш жараёни қизғин кечмоқда. Институт курсантлари ўзлари учун муносиб номзодга овоз бермоқда.

Ушбу 429-сайлов участкасида 331 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
– Сайловда илк бор иштирок этмоқдаман. Ҳозиргина ўзим учун муносиб, деб топган номзодга овоз бердим, - дейди биз билан суҳбатда институтнинг 3-курс курсанти Собитхон Усмонов. - Бугунги сайловда иштирок этишим нафақат ўз тақдиримга, балки юртимиз тақдирига дахлдор, деб биламан. Менинг овозим аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилишнинг ўзи катта бахт.

- Сайлов ва сайловолди жараёнларида биз учун барча шароитлар муҳайё қилинди.- дейди 2-курс курсанти Ҳилола Сотволдиева. - Сайловолди тарғибот тадбирлари, сайлов учаткасидаги кўргазмали воситалар орқали етарлича маълумотларга эга бўлдик. Шулардан келиб чиқиб, бугун ўз қароримни қабул қилдим ва овоз бердим.
Ҳа, бугун халқимиз ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи танлаган, ўзи муносиб деб билган номзод учун овоз бермоқда. Божхона институти курсантлари ҳам эртанги кунига, келажагига бефарқ бўлмай, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун овоз бермоқда.
Файзулло Яҳёев, ЎзА