Божхоначилар “Мурувват” уйида кўчат экди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида бўлиб, дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида дарахт кўчатлари ўтқазишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати Давлат божхона қўмитасига бириктириб берилган эди.

Ўтган қисқа давр мобайнида божхона идоралари томонидан тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, уларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.
“Мурувват” уйи атрофига божхона ходимларининг ўз қўллари билан меҳр ила экилган турли навдаги арча дарахтлари ҳудуд атмосферасининг мусаффолигини таъминлаб, унга янада кўрк ва чирой қўшади.

Бу амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлган васийликка олинган шахслар кўрсатилаётган эътибордан хурсанд бўлиб, дуога қўл очишди. Юртимиз тинчлиги, эл-юрт осойишталигини тилаб, кўнгил сўраб борган божхоначилардан қувончини яширишмади.
Маълумот учун Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида бугунги кунда 250 нафар аёл ҳамюртимиз васийликка олинган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири