Божхоначилар “мато” операциясига чек қўйди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида кескин кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” божхона постида навбатдаги ҳуқуқбузарлик фош этилди.
Унга кўра, хориждан юк контейнерида ҳужжатларга кўра “мато” товарлари уларга тегишли юк ҳужжатлари билан ўзаро солиштирган ҳолда белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.


Натижада юк контейнеридаги мато товарларининг ўлчов бирликдаги миқдори ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча эканлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларнинг қиймати 3 миллиард 418 миллион сўмни ташкил этади.
“Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатда масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан келтирилган матолар божхона кўригидан ўтказилганида, юк ҳужжатларида салкам 4,5 тонна оғирликдаги матолар қайд этилмагани фош бўлди.
Мазкур ноқонуний товарларнинг тахминий қиймати 427 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда товарлар вақтинча сақловга олиниб, юқоридаги ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА