Божхоначилар иши сарҳисоб қилинди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан 2023 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар, божхона бошқармаси ходимлари қатнашди.
Матбуот анжумани аввалида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов сўзга чиқиб, жамиятнинг ҳар бир бўғинида фаол бўлган журналистлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқалигина соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотларни фуқароларимизга тўлақонли етказиб бериш мумкинлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, бошқарма томонидан жорий йилнинг январь - март ойларида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган тақдимот намойиш этилди ва мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
[gallery-11969]
Таъкидланишича, Бухоро вилоятининг ташқи савдо айланмаси 401,1 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан (375,7 миллион) 25,5 миллион АҚШ долларига ёки 6,8 фоизга ошган. Шундан экспорт 60,5 миллион АҚШ долларни, импорт 340,7 миллион АҚШ долларни ташкил этган. Солиққа тортилмайдиган импорт 70,6 миллион АҚШ доллар ёки жами импортнинг 20,7 фоизини, солиқга тортиладиган импорт 269,9 миллион АҚШ доллар ёки жами импортнинг 79,2 фоизини ташкил қилган.
Импорт қилинган товарларга нисбатан 672,29 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан, 246 миллиард сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Қолган 426,3 миллиард сўм қисми Давлат бюджетига ундирилиб, биринчи чорак учун белгиланган 400 миллиард сўмлик режа 106,6 фоизга бажарилди. 1475 та хавфдан 489 таси ёки 33,2 фоизи ўз тасдиғини топиб, қўшимча 13,79 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг шу даврида 1081 та хавфдан 273 таси ёки 25,3 фоизи ўз тасдиғини топиб, қўшимча 2,4 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилиши таъминланган. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида бўлишди. Божхона органларида жорий этилган декларацияларни автоматик рўйхатга олиш тизими билан яқиндан танишишди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа ходимлари томонидан тўлиқ ва батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА