Божхона тизимини рақамлаштириш ҳолати қандай?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Рақамли божхона – ташқи савдода шаффофлик гарови” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда божхона соҳасини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда божхона тартиб-тамойиллари янада соддалаштирилиб, “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун божхона органларида қўлланилаётган 56 та ахборот тизими ва 28 та интерактив хизмат мавжуд. Божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида бугунги кунда қонунга риоя қиладиган тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.

Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 62 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Масалан, божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди. Ушбу жараёнга илгари 2-3 соат вақт кетган, бир неча хизмат китоблари юритилган бўлса, ҳозир 1-2 дақиқа сарфланмоқда, энг асосийси, бу коррупцион ҳолатлар олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Эндиликда божхона тўловларини мобиль-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилди. 2020 йилнинг 10 ойида ушбу тизим орқали 110 миллиард сўм тўлов амалга оширилди. Шунингдек, ҳозирда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратларидан ўтказиш ва пост ҳудудидан чиқиб кетиши назоратини “электрон шлагбаум”га асосланган, чегара божхона постларида фаолият кўрсатаётган давлат идоралари уланган “Транспорт назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
2020 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Давлат божхона қўмитаси жисмоний шахслар учун транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имкониятини жорий қилди. Эндиликда электрон тўлов тизимлари орқали чет эл автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддатини онлайн равишда узайтириш мумкин.
Чегара божхона постлари инфратузилмасини яхшилаш, уларнинг фаолиятини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қозоғистон билан чегарадош бўлган “Даут-ота”, “Сирдарё”, “Ғишткўприк” ва “Яллама”, Туркманистон билан чегарадош “Олот”, “Хўжайли”, “Шовот” ва “Дўстлик”, Тожикистон билан чегарадош “Сариосиё” чегара божхона постлари тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада, постларнинг суткалик йўловчи ўтказиш қобилияти 2 баробарга, автотранспорт ўтказиш қобилияти эса 4 баробарга ошди.

Мазкур божхона постлари инсон танасини сканер қилувчи “Body Scan”, юк автотранспорт воситаларини сканер қилувчи инспекцион кўрик мажмуалари, электрон шлагбаум, давлат рақамини аниқлаш тизимлари каби замонавий назорат - техник воситалар ва ахборот технологиялари билан таъминланди.
Тадбирда 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг бугунги фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳозирда мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда 6 та органнинг 17 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатини инсон омилисиз бериш тартиби жорий қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида дастур орқали 26 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган бўлиб, ваколатли идоралар томонидан 465 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилди. Илгари мазкур рухсатномаларни олиш учун тадбиркор идорама-идора юришга мажбур бўлар эди.
- Божхона юк декларацияларини автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи “Avtomatlashtirilgan tarzda chiqarib yuborish” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади, - дейди Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов.
- Натижада 2021 йил 1 январгача «экспорт» божхона режимига расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисми, 2022 йилнинг 1 январигача эса умумий расмийлаштириладиган божхона юк декларациялари сонининг 20 фоизи автоматик тарзда инсон омилисиз расмийлаштирилади. Бир сўз билан айтганда, божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ва кўмакчи бизнес-ҳамкор идора сифатида ислоҳ қилинади.
Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА