Божхона — тадбиркорга амалий кўмакчи
Сирдарё туманида фаолият юритаётган «Muxiddin o‘g‘li – Jasurbek» фермер хўжалиги томонидан хориждан 1000 бош наслдор йирик шохли қорамол олиб келиш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни пайтга қадар хўжаликка 133 бош наслдор қорамол олиб келиниб, уларни белгиланган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнида амалий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур жараённи самарали ташкил этиш, тадбиркорнинг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва юзага келиши мумкин бўлган масалаларни жойида ҳал этиш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари фермер хўжалиги вакиллари билан ишчи учрашув ўтказди.
Мулоқотда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, наслдор қорамолларни импорт қилиш жараёнини тартибли ташкил этиш, тирик ҳайвонларни божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда бошқарма бошлиғи Нодиржон Салимжонов, пост бошлиғи Шуҳрат Авезов, бўлим бошлиқлари Бекзод Чўлиев ва Қобилжон Маматқулов ҳамда соҳанинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Мулоқот давомида тирик ҳайвонларни импорт қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, уларни хўжалик ҳудудига тушириш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, божхона назоратини ташкил этиш ва қорамолларни белгиланган талаблар асосида қабул қилиб олиш тартиби атрофлича кўриб чиқилди.

Фермер хўжалиги вакилларига Божхона кодекси талаблари асосида тирик ҳайвонларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби юзасидан зарур тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ҳужжатларни тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, қорамолларни хўжалик ҳудудига тушириш ва расмийлаштирув жараёнларини ортиқча оворагарчиликларсиз ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
Бундай ёндашув, аввало, тадбиркорлик субъекти учун вақт ва ресурсларни тежаш, импорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни олдиндан бартараф этиш ҳамда божхона тартиб-таомилларини белгиланган талаблар асосида тезкор ташкил этишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Muxiddin o‘g‘li – Jasurbek» фермер хўжалиги томонидан хориждан жами 1000 бош наслдор йирик шохли қорамол, жумладан, юқори сутдор зотларни олиб келиш режалаштирилган. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида хўжаликда чорвачилик йўналишини кенгайтириш, наслчилик салоҳиятини ошириш, юқори маҳсулдор чорва моллари сонини кўпайтириш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Айни жараёнда божхона органларининг тадбиркор билан бевосита мулоқот қилиб, зарур тушунтириш ва амалий кўмак кўрсатаётгани ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароит яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашув якунида импорт жараёнини белгиланган тартибда ва самарали ташкил этиш, тадбиркорлик субъектининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган масалаларга жойида ечим топиш бўйича масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири