Божхона маликалари шарафланди
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган.
Юртимизга кириб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатар, ноқонуний товар, қурол-яроқ, гиёҳвандлик воситаларини ҳушёрлик билан назорат қилишга чоғланган Сирдарё вилояти божхона бошқармаси аёл ходималари томонидан товар моддий бойликларнинг божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилиб келинмоқда.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Сирдарё вилояти божхона бошқармасида байрам тадбири ўтказилди. Дастлаб, Божхона қўмитасида видеоконференция орқали байрам тадбирида қўмита Раиси, божхона хизмати генерал-майори А.Мавлонов байрам муносабати билан иштирокчиларга байрам табригини ўқиб эшиттирди ҳамда бугунги кунда божхона соҳасида садоқат билан хизмат қилаётган аёл ходималарни самимий табриклади. Шундан сўнг, бошқарма раҳбарияти бошқармада фаолият юритаётган хотин-қизларни улуғ айём билан самимий табриклаб, хотин-қизларнинг жамиятда, оилада тутган ўрни беқиёс эканлигини эътироф этди.

Тадбирда бошқармада самарали меҳнат қилаётган ҳамда мардонавор хизмат олиб бораётган аёл ходималар Божхона қўмитаси Раисининг тегишли буйруғи билан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ўтказилган спорт мусобақаларида фахрли ўринни эгаллаган аёллар ва барча хотин-қизларга байрам совғалари топширилди.
Ш.Суяров, ЎзА