Божхона, китоб ва тарих бирлашган саёҳат
Бугунги кунда ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва кенг дунёқарашли инсонлар этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўлда уларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиш, турли касблар билан яқиндан таништириш, шунингдек, миллий қадриятларимиз ва бой тарихий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган маърифий ва касбга йўналтирувчи экскурсия ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилди.
Бухоро шаҳридаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун ташкил этилган тадбир аввалида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О. Қодиров ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилди.
Учрашув давомида мамлакат тараққиётида ёшларнинг ўрни, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашнинг аҳамияти, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ҳамда божхона органларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита раҳбариятдан жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати шунда бўлдики, учрашув якунида ўқувчиларда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, мутолаага меҳр уйғотиш мақсадида уларга бадиий адабиётлар совға қилинди. Бу эса ёшларнинг маънавий камолотини таъминлашга қаратилган амалий эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Шундан сўнг иштирокчилар учун “Бухоро халқаро аэропорти” чегара божхона постида амалий таништирув экскурсияси ташкил этилди. Ўқувчилар божхона назорати ҳудудидаги тартиб-қоидалар, йўловчилар ва юкларни расмийлаштириш жараёнлари, замонавий техник воситалардан фойдаланиш, шунингдек, божхона ходимларининг масъулиятли ва шарафли меҳнати билан яқиндан танишдилар. Мутахассислар томонидан хизмат жараёнлари амалий мисоллар орқали тушунтирилиб, ўқувчиларнинг қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берилди.

Экскурсиянинг маърифий қисми эса Бухоронинг бетакрор тарихий обидаларидан бири — Ситораи Моҳи Хоса музей-меъморий мажмуасида давом этди. Бухоро амирларининг ёзги қароргоҳи ҳисобланган ушбу ноёб масканда ўқувчилар миллий меъморчилик дурдоналари, амирлик даври тарихи, аждодларимиз қолдирган бой маданий мерос ва бетакрор санъат намуналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Бир кунлик мазкур саёҳат ёшлар учун нафақат қизиқарли экскурсия, балки ҳаётий сабоқларга бой билим мактабига айланди. Улар давлат хизмати фаолияти билан яқиндан танишиб, китобнинг инсон ҳаётидаги ўрнини янада теран англадилар, шу билан бирга, юртимизнинг бой тарихи ва маданий мероси ҳақидаги тасаввурларини янада мустаҳкамлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири