Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаол иштироки: меҳнат соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтаётган МДҲга аъзо давлатлар Доимий ваколатли вакиллари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳасида эришилган муҳим натижаларни халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев МДҲга аъзо давлатларнинг меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича Маслаҳат кенгашининг 2023-2025 йиллардаги фаолияти якунлари ҳақида маъруза қилди.
Ҳисобот даврида Маслаҳат кенгаши доирасида 3 та йиғилиш ўтказилиб, 53 та долзарб масала муҳокама қилингани ҳамда 9 та ишчи гуруҳ ташкил этилгани ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганини кўрсатади. Бу рақамлар давлатлар ўртасида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида тизимли ёндашув шаклланганидан далолат беради.
Фаолиятнинг энг муҳим натижаларидан бири МДҲнинг умумий меҳнат бозорини шакллантириш концепциясининг тасдиқланганидир. Бу ҳужжат келгусида меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатланиши, меҳнат муносабатларини мувофиқлаштириш ва ишчи кучининг ҳуқуқларини янада самарали таъминлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, меҳнатни меъёрлаштириш, иш ўринларида замонавий стандартларни жорий этиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам юқори баҳоланди. Бу эса ижтимоий ҳимоянинг инклюзив моделига ўтиш ва меҳнат бозорида барча учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Марат Жўраевнинг МДҲ Ижроия қўмитаси Бош котиби Сергей Лебедев билан ўтказган учрашуви ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Суҳбат давомида меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2025 йил октябридан буён Маслаҳат кенгашига Ўзбекистон раислик қилиб келмоқда. Бу давр мобайнида Тошкент шаҳрида Кенгашнинг 38-йиғилиши муваффақиятли ташкил этилди, 2026–2030 йилларга мўлжалланган йиғилишлар жадвали тасдиқланди ва Кенгашнинг расмий эмблемаси таъсис этилди. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги институционал ислоҳотлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда фаол иштирок этаётганини яна бир бор намоён этди.
Айни пайтда Доимий ваколатли вакиллар Кенгаш қарор лойиҳасини кўриб чиқмоқда ҳамда Маслаҳат кенгашининг 2023–2025 йиллардаги фаолиятига юқори баҳо бермоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг раислиги даврида амалга оширилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун МДҲ маконида меҳнат сиёсати ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшганини англатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА