Божхона институти битирувчиларига диплом ва лейтенант унвонлари тантанали топширилди
Божхона институтида навбатдаги битирувчиларни катта ҳаётга кузатишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда институтни муваффақиятли тамомлаган ёшларга олий маълумот тўғрисидаги дипломлар ҳамда лейтенант ҳарбий унвонлари топширилди.
Маросим Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини майдонга олиб кириш ва Давлат мадҳиясининг тантанали ижроси билан бошланди. Унда Божхона қўмитаси раиси, генерал-майор Акмалхўжа Мавлонов иштирок этиб, битирувчиларни муҳим ҳаёт босқичи билан самимий қутлади.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилаётган бугунги кунда замонавий билим ва кўникмаларга эга, юксак маънавиятли ёшлар тараққиётнинг ҳал қилувчи кучига айланмоқда.
Шу боис божхона тизимини такомиллаштириш, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ва соҳада шаффофликни кучайтириш юқори малакали кадрларга боғлиқ.

Қайд этилганидек, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларда божхона соҳаси учун рақобатбардош, замонавий билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш, таълим жараёнини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Бу эса Божхона институти зиммасидаги масъулият янада ортиб бораётганини англатади.
Сўнгги йилларда институт курсантлари республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда интеллектуал танловларда муносиб иштирок этиб, қатор муваффақиятларга эришмоқда.

Шунингдек, институт ходимлари ва курсантлари бокс, таэквондо, каратэ, кураш, бадминтон, стол тенниси ҳамда шахмат бўйича республика ва халқаро мусобақаларда фаол қатнашиб, мамлакатимиз байроғини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари дипломларни топшириш жараёнида намоён бўлди. Институтни аъло баҳолар билан, яъни қизил диплом асосида тамомлаган битирувчилар дипломларини шахсан Божхона қўмитаси раиси қўлидан қабул қилиб олди.

Шу билан бирга, ўқиш ва хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган ҳамда божхона органлари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган уч нафар курсант илк бор Божхона қўмитаси раиси стипендияси билан тақдирланди. Қолган фаол ва иқтидорли ёшларга эса қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бугунги кунда институтда таҳсил олаётган 358 нафар курсантнинг 270 нафари IELTS ва CEFR каби халқаро ҳамда миллий сертификатларга эга. Уларнинг 128 нафари хорижий тилларда профессионал даражада мулоқот қилиш имкониятига эга экани таълим муассасасида олиб борилаётган ишлар самарасини яққол намоён этмоқда.
Институтнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. Айни пайтда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Хитой, Россия, Венгрия, Беларусь, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Латвиянинг ихтисослашган таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шунингдек, курсантлар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, республика ва халқаро миқёсдаги хакатонлар, фан олимпиадалари, форумлар ва конференцияларда муносиб иштирок этиб келмоқда.
Тадбир якунида битирувчилар устозларига миннатдорлик изҳор этиб, институт билан хайрлашди.
Шундан сўнг битирувчиларнинг тантанали марши бўлиб ўтди.
Ш.Маматуропова, ЎзА