Бойсунда адаптив спорт беллашуви ғолиблари муносиб тақдирланди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасида 18 ва ундан катта ёшдаги имконияти чекланганларнинг адаптив спорт мусобақаси ўтказилди.
Мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур шароит яратиб, истеъдод ва иқтидорини юзага чиқариш, ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғломлаштириш ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча қулайлик яратилаётир. Шу мақсадда адаптив спорт турлари ривожлантирилиб, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари спорт билан шуғулланишни истаган ногиронлиги бўлган шахсларга жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида бепул спорт билан шуғулланиши учун йўлланмалар бермоқда.

Олимпия қўмитаси вилоят бўлими, Бойсун тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман ёшлар ишлари бўлими ва туман спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада ҳам эркаклар ва аёллар 11 та адаптив спорт тури бўйича ўзаро куч синашди. Ижтимоий мослашуви, ўзига бўлган ишончни ошириш ва юқори натижаларга эришиш кўникмаларини намойиш этди.


- Мусобақа жуда қизиқарли ва муросасиз бўлди. Стол тенниси бўйича ўтказилган беллашувда иккинчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман, - дейди Зарина Бекмуродова. - Бу мусобақа менинг спортда юқори натижаларга эришиш имкониятларим борлигини кўрсатди. Ўзимга ишончим янада ортди. Энди машғулотларни кўпайтириб, кейинги мусобақаларда ғолиблар сафидаги ўрнимни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан.
Қизиқарли баҳсларга бой бўлган мусобақа ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА