Боёвутда "Қизларжон ташаббуси" форуми
Гулистон давлат университетининг Боёвут тумани ҳудудида жойлашган Спорт фаолияти факультетида 11 октябрь –Халқаро қизлар куни муносабати билан туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан Спорт фаолияти факультети талаба-қизлари, мактаб ўқувчилари, оқила аёллар, кўчабошилари ўртасида "Қизларжон ташаббуси" шиори остида қизлар форуми ўтказилди.
Форум доирасида умумтаълим мактабларида халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларида, турли- туман спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган талаба ва ўқувчи қизлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, Президент стипендияси ва бошқа номдор стипендиялар совриндорлари билан учрашувлар ташкил этилди.

Шунингдек, Спорт фаолияти факультетининг 1-босқич талаба қизлари ва 23-умумтаълим мактабини 2025 йилда битирувчи қизлар ўртасида "Соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" шиори остида спортнинг бир қанча тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Мусобақа якунларига кўра, университетнинг 1-босқич талаба қизлари Райҳонга Ҳамдамқулова, Севинч Ҳомидова, Жасмина Хўжамшукурова, Муяссар Маъмурова, Комила Орифжоновалар ғолиб бўлиб, форум ташкилотчиларининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

–Боёвутда Халқаро қизлар куни муносабати билан ташкил этилган форумни ўтказишдан кўзланган мақсад кенг дунёқарашли, чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар иқтидорини юзага чиқариш эди, – дейди Боёвут тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Меҳринисо Эшонхонова.–Ўйлайманки, бу мақсадга эришдик.


Мухтасар айтганда, "Қизларжон ташаббуси" форумида талаба ва ўқувчи қизлар нафақат спорт турларида, илм соҳасида ҳам бор маҳоратини намойиш этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири