Ботирхон Акрам: “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли навоийшунос олим Ботирхон Акрамнинг “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан аллома, мумтоз адабиётимиз билимдони Ботирхон Акрамнинг “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони” ва “Навоий шоҳбайтлари” асарлари жой олган.
Муаллиф Ҳазрат Алишер Навоийга бағишланган ушбу китобини атоқли олим, умрини Навоий ижодини тадқиқ, таҳлил қилишга бағишлаган навоийшунос Ҳамид Сулаймонга бағишлайди.
Ботирхон Акрам Алишер Навоийдек даҳо “сўз гавҳари”ни фасоҳат ила таҳлил қилади. Улуғ шоирнинг ўлмас байтлари замирида сингдирилган фалсафий – руҳий, маънавий жавоҳирларни топиб, ўқувчига тақдим этади. Шубҳасиз, бу осон юмуш эмас.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиротда бўлган кунларида Навоий мақбарасини, улуғ шоир бунёд этган “Ихлосия”, Халосия”, “Унсия” каби хонақоҳларни, бошқа азиз қадамжоларни тавоф қилар экан, жаҳонгашта умрининг тансиқ ва қутлуғ хотироти учун ўзининг хаттоту саҳҳофларига шундай амр қилади: “Навоий куллиётидан шахсан Бобурнинг ўзи назаридан ўтказган терма байтларни махсус зарварақларга кўчирсинлар...”. Тазкиранавислар бундай сайланма шеърий сатрларни шоҳбайтлар деб атайдилар.
Ботирхон Акрам ҳам ушбу китобда Алишер Навоийнинг лирик девонларидан, қисман, эпик достонларидан қалбга яқин ва матлуб шоҳбайтларни олиб, шарҳлаган.
Атоқли олимнинг бу оғир ва заҳматли иши Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу даъватларига жавоб ўлароқ янграйди:
Дегонимни улусқа марғуб эт,
Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт,
Тилга лафзини ногўзир айла,
Жонга назмини дилпазир айла,
Халққа зеби торак айла они,
Ўқиғонга муборак айла они,
Етти афлокни анга ёр эт,
Етти иқлим элин харидор эт!
Ботирхон Акрамнинг “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони” китобини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА