Ботир Зокировнинг барҳаёт қўшиқлари
Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада симфоник оркестрининг “Ботир Зокиров қўшиқлари” номли концерти бўлиб ўтди. Унда таниқли санъаткорлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда талабалар иштирок этди.
Оркестр репертуаридан Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров қўшиқлари, Ўзбекистон композиторларининг асарлари, эстрада йўналишидаги классик мусиқалар ва янги сайқал берилган замонавий эстрада қўшиқлари ўрин олди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон давлат филармониясининг Миллий эстрада-симфоник оркестри билан Ботир Зокиров номидаги эстрада оркестри бирлаштирилиб, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестри ташкил этилди.

2024 йилдан бошлаб оркестр фаолиятининг янги босқичи бошланди.
– Раҳматли Ботир Зокиров шундай мусиқий жамоалар таркибида ўзимизнинг қоракўзлар ҳам ижод қилишини жуда орзу қилар эдилар, – деди Ўзбекистон халқ артисти, “Ялла” ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров. – Бугун устоз санъаткор меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг қўшиқлари яна кўплаб авлодлар учун ўзига хос мактаб бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Дарҳақиқат, устоз санъаткор Ботир Зокировнинг қўшиқлари кимгадир беғубор ва завқли ёшлик даврларини эслатса, ким учундир кўнгил мулки, санъатда ўз йўлини излаётган ёшлар учун эса бетакрор қўшиқчилик мактаби саналади. Ўз даврида бу қўшиқлар дунёнинг турли мамлакатларида янграб, миллионлаб мухлислар олқишига сазовор бўлган. Хонанданинг ўзига хос жарангли, такрорланмас овози, мукаммал ижро, шоир, композитор ва қўшиқчининг яқин ва самарали ҳамкорлиги, маҳоратли мусиқий ижро қўшиқларнинг умрбоқийлигини таъминлаган, десак янглишмаймиз.

Бугун жамоа ёш авлодни маънавий тарбиялаш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб, мамлакатимиздаги йирик концерт саройлари ва майдонларида, нуфузли давлат байрамларида қизиқарли мусиқий дастурларни тақдим этиб келмоқда.
Мусиқий кечада устоз санъаткор Ботир Зокиров ижро этган қўшиқлар мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова, ЎзА