Бўстон тумани пахта далаларида чигит униб чиқди
Андижон вилояти Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери дала майдонларида чигит униб чиқди.
Пахтачилик соҳасида Андижонда улкан тажриба мактаби яратилган. Плёнка остига чигит экиш, ҳосилни эрта етиштириш, сифатли ҳосил олишда, айниқса, бўстонлик пахтакорларнинг ўзига хос анъаналари бор. Шу боис ҳам туман пахтакорлари пахтадан мўл ҳосил етиштириб келади.
“Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери деҳқонларининг самарали меҳнатлари билан нафақат туманда, балки вилоятда биринчилар қатори ерга қадалган чигитдан бир текис кўчат ундирилди.

Жорий йилда кластер корхона томонидан 600 гектар майдонда плёнка остига, 400 гектар очиқ майдонга пахтанинг “Андижон-35”, “Андижон-37” навлари экилиб, парваришланмоқда. Қилинаётган меҳнатларнинг дастлабки самараси юз кўрсатди. Далаларда чигит бир текис бўлиб униб чиқди.
Айни пайтда кластер корхонанинг мутахассислари, қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари томонидан ғўза майдонларини зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлаш, чигит униб чиққан майдонлардаги ғўза ниҳолларига ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА