Бошқарма делегацияси Хитойда
Жаҳонда рақобат кучайиб бораётган бугунги даврда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик давлатлар тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилди. Бир ҳафталик ўқув дастури нафақат касбий тажриба алмашиш, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга замин яратди.
Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасидаги бир ҳафталик ўқув дастури муваффақиятли якунланди. “Shanxii Energy” институти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур дастур иштирокчилар учун замонавий таълим ёндашувлари, бошқарув тажрибаси ва инновацион методикаларни ўрганиш майдонига айланди.

Бугун дастурнинг якуний тадбири бўлиб ўтди. Унда институт раҳбарияти таълим курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларни самимий муборакбод этиб, уларнинг келгуси фаолиятига улкан муваффақиятлар тилади.

Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шоҳида Даманова сўзга чиқиб, сафар давомида орттирилган тажриба ва кузатувлар ҳақида фикр билдирди. У ўз нутқида хитойлик ҳамкорларнинг юксак меҳмондўстлиги, ўқув дастурининг амалий аҳамияти ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги изчил ривожланиб бораётган таълимий ҳамкорлик алоқаларига алоҳида тўхталди.

Тантанали маросимда “Shanxii Energy” институти томонидан ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Делегация аъзолари эса институт профессор-ўқитувчиларига самимий миннатдорлик рамзи сифатида миллий совғалар тақдим этишди.
Сафарнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири унинг дўстлик ва маданият байрами руҳида якунлангани бўлди. Иштирокчилар ижросида намойиш этилган миллий рақслар хитойлик ҳамкорлар томонидан катта қизиқиш ва олқиш билан қарши олинди. Бу эса халқ дипломатиясининг энг таъсирчан кўринишларидан бири сифатида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончни янада мустаҳкамлади.

Шубҳасиз, мазкур ўқув дастури Жиззахлик педагоглар учун янги билим ва кўникмалар манбаи бўлиш билан бирга, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим соҳасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада бойитишга хизмат қилади. Зеро, билим алмашинуви кучайган сари тараққиёт учун янги имкониятлар эшиги очилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири