Бош қомусимизда хусусий мулк дахлсизлиги мустаҳкамланмоқда
Конституциявий ислоҳотлар ташаббускорларидан бўлган ЎзЛиДеП айни кунларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда аҳолини референдумда фаолликка чақиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини қизғин руҳда ташкил этмоқда.
Ҳудудларда байрамона кўринишда ўтказилаётган тадбирларда партия етакчиси Актам Ҳаитов иштирок этиб, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижаси, Конституциявий қонун лойиҳасининг бугунги кундаги аҳамияти, унда акс этаётган янгиликлар хусусида батафсил маълумотлар бермоқда.

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Буюк маскан” дам олиш масканида очиқ осмон остида ўтказилган тарғибот тадбирида бир ярим мингга яқин аҳоли иштирок этди.
— Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар, албатта, Асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этди. Янги таҳрирдаги ҳужжатда "Ўзбекистон — ижтимоий давлат" деган ғоя асосий мезон қилиб олинган. Конституциямизни такомиллаштиришда бевосита халқнинг таклифлари, хоҳиш-истаклари эътиборга олинди. Эндиликда ҳужжат референдумга қўйиш орқали қабул қилинади. Янгиланаётган Бош қомусимизда хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Ушбу норма иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларни мамлакатимиз бош қонунида акс эттиришда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўринда эканлигидан далолат беради, — деди Актам Ҳаитов.

Партия етакчиси иштирокидаги яна шундай тадбир Андижон шаҳридаги “Samoinurakfa LTD” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб ўтди. Унда жамият ишчи-ходимларига Конституция лойиҳасининг мазмуни тушунтирилди.

Партиянинг навбатдаги эвент тадбири Наманган вилоятининг Косонсой туманида бўлиб ўтди.
Тарғибот тадбирида 30 апрель куни ўтказиладиган референдум ҳақида ҳам ҳуқуқий тушунчалар берилди, иштирокчилар унда фаол иштирок этишга чақирилди.

М.Комилова, ЎзА