Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди
Айни вақтда прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолашга эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтирилаётганлиги маълум қилинди.
Бугун, 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан Бош прокуратурада байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тизимда фаолият олиб бораётган ходимларни байрам билан табриклади.
– Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асос солган тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ва мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Н.Йўлдошев. — Президентимиз 2016 йил 19 декабрь куни прокуратура ходимлари учун муҳим тарихий санага асос солди. Яъни 8 январни – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни деб белгилаш ҳақидаги қонунни имзолади. Таъкидлаш жоиз, прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар қилинмоқда ва муҳим натижаларга эришилмоқда. Прокуратура органларини халқ прокуратурасига айлантириш, аввало, тизимда очиқлик ва шаффофликни тўла таъминлаш ҳамда фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиламиз.
Шунингдек, айни вақтда прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолашга эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтирилаётганлиги маълум қилинди.
Тадбирда Бош прокурор буйруғига асосан фидокорона ва ҳалол меҳнати билан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қонунийликни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ва хизмат вазифаларини намунали бажараётган бир қатор ходимлар тақдирланди.


