Бўш иш ўринлари таклиф этилди
Aндижон шаҳридаги Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Миграция агентлиги Андижон вилояти ҳудудий филиали томонидан аҳоли, хусусан ёшлар, хотин-қизлар ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қонуний ва хавфсиз иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган меҳнат ярмаркасида хорижий давлатлардаги 5 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Тадбирда Миграция агентлиги Андижон вилояти ҳудудий филиали раҳбари Алишер Турғунов мамлакатимизда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг хорижда қонуний, хавфсиз меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун яратилаётган имкониятлар, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни доимий қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан узлуксиз алоқа ўрнатиш масалалари эътиборда эканлиги қайд этилди.
Ярмаркада “Workmall”, “BestWill”, “Turon”, “Horizon Work”, “International Migration Line”, “Reiwa”, “Jobex”, “Getwork”, “Jobex”, “Interwork” сингари хусусий бандлик агентликлари иштирок этиб, фуқароларга Германия, Словакия, Болгария, Латвия, Литва, Польша, Хорватия, Черногория, Сербия, Туркия, Япония, Жанубий Корея ва Монголия давлатларидаги 5 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Икки кун давом этган меҳнат ярмаркасида 8 минг нафардан зиёд фуқаро, жумладан, ёшлар, хотин-қизлар, меҳнат миграциясида бўлиб қайтган шахслар, иш излаётган мутахассислар иштирок этди.
Шунингдек, тадбир давомида Миграция агентлиги вилоят филиали мутахассислари томонидан иштирокчиларга меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг оила аъзоларига кўрсатиладиган ёрдамлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.