Бомба ҳақидаги ёлғон хабар Европада ҳаво қатновини издан чиқарди
5 ноябрь куни Европада камида 19 самолётда бомба борлиги ҳақида ёлғон хабар тарқалди. Текширув чоғи ҳеч бир учоқда портловчи модда топилмаган. Барибир, таҳдид туфайли қатор рейслар кечикди ёки самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилди.
Бу сўнгги уч кун қитъада кузатилган иккинчи оммавий сохта ҳолат бўлиб, нотўғри хабар Австрия, Бельгия, Болгария, Буюк Британия, Греция, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Польша, Португалия, Руминия, Финляндия ва Чехияга таъсир қилган.
Ирландия авиакомпаниясига тегишли Дублин – Рим рейси Франциядаги ҳарбий аэродромга қўндирилди. Айрим учоқлар Болгариянинг бошқа шаҳарларига йўналтирилди. “Wizz Air” самолёти Варшава эмас, Венага қўнди. Яна икки самолётда хатар ортидан текширув ўтказилди.
Вена, Прага, Мадрид ва Милан-Бергамо аэропортларига қўнган ёки ушбу манзиллардан учган бир неча учоққа нисбатан бомба ҳақида ёлғон хабар берилган. Польша авиакомпаниясининг Брюссель ва Парижга томон кўтарилган рейслари ҳам таҳдидга дуч келган.
Ахборот электрон почта орқали тарқатилган. Хатлардан бири итальян тилида ёзилган бўлиб, Рим аэропортларини бошқарувчи ADR компанияси ва бошқа ташкилотларга юборилган.
Агентлик кейинчалик ушбу хат “Эркаклар давлати” номли миллатчилик ҳаракати номидан имзоланганини айтди. Мазкур гуруҳ 2016 йил Владислав Поздняков томонидан ташкил этилган.
“The Guardian” нашри экспертларга таяниб ёзишича, аэропортларга сохта мактублар деярли ҳар куни келиб тушади, фақат одатда номалар бу қадар кўп бўлмайди.
3 ноябрь куни ҳам Европанинг камида етти самолётига бомба билан боғлиқ нотўғри таҳдид уюштирилган эди. Ўша куни LOT самолёти Лондондан Варшавага учиш жараёнида бошқа аэропортга йўналтирилган ва текширув вақти аэропорт вақтинча ёпилган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА