Бўлажак шифокорлар билан учрашув
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув ўтказди. Унда барча туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, ҳудудий тиббиёт бўлимлари вакиллари, шифокорлар ва ёшлар қатнашди.
Дастлаб Зойир Мирзаев вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий кўрсаткичлар ҳақида тақдимот қилиб, бу борада атрофлича маълумот берди. Хусусан, Тошкент вилоятининг 3 миллион 66 минг нафар аҳолисига соғлиқни сақлаш тизимидаги 304 та муассаса томонидан тиббий хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги 6 йил ичида 22 та оилавий шифокорлик пункти, 9 та оилавий поликлиника, 4 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 118 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди.


Ўз навбатида кўп тармоқли марказий поликлиника сони 18 тадан 22 тага етказилиб, 118 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши муносабати билан 715 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Жойлардаги тиббиёт муассасаларида 8 минг 873 нафар шифокор штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 4 минг 732 нафар шифокор фаолият кўрсатмоқда. Мутахассисликлар бўйича таҳлил қилинганда, умумий амалиёт шифокори, ултратовуш ташҳислаш шифокори, анестезиолог ва реаниматолог, невропатолог, эндокринолог, педиатр, акушер-гинеколог, онколог, аллерголог-иммунолог, психиатр, рентгенолог каби мутахассисларга жойларда эҳтиёж сезилмоқда.

Айниқса, бугунги кунда Янгийўл, Оҳангарон, Бўка, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен ва Бекобод шаҳарларидаги тиббиёт муассасаларида шифокорларга эҳтиёж катта.
Учрашувда салоҳиятли ёш шифокорларга яратилган имтиёзларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўйича вилоятдаги 34 та олис ва чекка ҳудудлардаги муассасага 32 нафар малакали шифокор жалб этилди. Уларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари берилди. Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритувчи барча шифокор ва ёш мутахассисларга қўшимча пул маблағлари тўлаб келинмоқда. Шу билан бирга, бир нафар шифокорга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш учун маблағ ажратилди. Айрим йўналишда ўқиётган шифокорларга тўлов контракти маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

– Ёшлар билан кўп мулоқот қилмоқдамиз, – дейди Зойир Мирзаев. – Ҳозир ёшлар малакали мутахассислар билан гаплашганда уларнинг юқори маош олишига қизиқади. Кўплаб талабалар пойтахтда ишлашга интилади. Бироқ ҳудудларда иш тажрибасини ошириб, халқ билан яқинлашган шифокорлар ҳар доим ўз йўлини топиб кетади. Бунга мисолларимиз жуда кўп. Бошқа ҳудудлардан келиб, олис тоғли қишлоқларда ишлаётган шифокорларни биламиз. Уларни шу жой аҳолиси жуда яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ўйлашимча, ўз касбидан бахт топаётганлар айнан шулардир.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири