Болалар ва оналар саломатлиги энг муҳим омил
Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган 100 та мақсаднинг деярли барчасида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш, орзу умидларини рўёбга чиқариш чора-тадбирларини амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Андижон вилоятида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, муаммоларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят аҳолисининг 49,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улар вилоят ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа қатор жабҳалари ривожида фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият юритаётганларнинг 51,7, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётганларнинг 74,3, саноат, савдо ҳамда хизматлар соҳасида 45,3, профессионал, илмий ва техник соҳада иш олиб бораётганларнинг 10,6, ахборот ва алоқа йўналишида 9,6, молия ва суғурта тизимида ишлаётганларнинг 4,1, маъмурий-бошқарув тизимида фаолият юритаётганларнинг 33,6 фоизини опа-сингилларимиз ташки этади. Бундан ташқари, аёлларда етакчилик қобилиятини ошириш мақсадида ташкилот ва муассасаларда кадрлар захираси шакллантирилиб, унга 7 минг 500 нафардан зиёд хотин-қиз киритилган.
[gallery-8175]
Кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларнинг олий таълим олиш имконияти кенгайди. Биргина ўтган йилнинг ўзида уларни олий ўқув юртларига киришларига кўмаклашиш мақсадида жорий қилинган имтиёз тақдим этилган 185 нафар қиз-аёл талаба бўлиш бахтига сазовор бўлди. Бундан ташқари, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчисини йўқотган аёлларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 606 нафар талабага қарийб 3 миллиард сўмдан зиёд шартнома маблағлари тўлаб берилди.
Аёл, оила бахти энг аввало, болалар ва оналар саломатлигида. Шу маънода вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 200 ўринли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Унда болалар кардиохирургия, пластик жарроҳлик, нейрохирургия бўлимлари янгидан ташкил этилди. Натижада, шу кунгача туғма юрак нуқсони бор 100 га яқин болаларда мураккаб юрак операциялари, 425 нафарида пластик, 110 нафарида нейрохирургия йўналишида жарроҳлик амалиётлари вилоятнинг ўзида ўтказилди.
Аёлларда кўкрак саратони касаллигини эрта аниқлаш мақсадида маммограф аппарати олиб келиниб, режа асосида барча туман ва шаҳарларда 40-60 ёшдаги аёллар скрининг кўригидан ўтказилмоқда. Натижада ушбу касалликни эрта аниқлаш имкони яратилди. Бу ўз навбатида даволаш ишлари самарадорлигини оширмоқда.
Шаҳрихон туманида 2 та, Хўжаобод туманида 1 та туғруқ комплекслари мукаммал таъмирланиб, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш учун янада кенг имкониятлар яратилди. Балиқчи, Шаҳрихон, Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида янги перинатал марказларини очиш борасидаги ишлар қизғин давом этмоқда. Вилоят перинатал марказида қад ростлаган 100 ўринли янги бино мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА