Болалар ва дўстлик байрами кенг нишонланди
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрининг “Наврўзобод” маҳалласидаги Маматов Абдуқул ака ва Бону опа хонадонларида “Болалар — келажагимиз” ҳамда “Миллатлар дўстлиги абадий” номли дийдорлашув кечаси ташкил этилди.
Мазкур маънавий учрашув Сирдарё вилояти тожик миллий маданий маркази ҳамкорлигида ўтказилиб, унда тожик, озарбайжон, корейс ва қозоқ миллий маданий марказлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Тожикистон Республикаси Истаравшан шаҳридаги Ўзбеклар жамияти раиси А. Хўжаназаров, Шаҳристон туманидаги Ўзбеклар жамияти раиси Б. Абдували, Зафаробод туманидаги Фахрийлар кенгаши раиси ҳамда санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида маданий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда болаларга байрамона кайфият улашишдан иборат бўлди.
Маҳаллада истиқомат қилувчи имконияти чекланган 12 нафар болага 1 июнь муносабати билан байрам совғалари улашилди. Шунингдек, уйдан чиқиш имконияти чекланган 6 нафар болага совғалар уларнинг хонадонларига етказиб берилди.


Тадбир давомида миллатлараро дўстлик, халқлар ўртасидаги тотувлик ва маданий қадриятларни улуғлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Дўстона муҳитда ўтган тадбирда миллий куй-қўшиқлар янграб, йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

– Мазкур тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у нафақат болаларга байрам кайфияти улашиш, балки турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Болалар — бизнинг умумий келажагимиз, уларни қўллаб-қувватлаш эса барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бундай тадбирлар жамиятда эзгулик, меҳр-оқибат ва миллатлараро тотувлик муҳитини янада кучайтиради, – деди тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сирдарё вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Нодира Жонибекова.
Меҳмонлар тадбирни юқори баҳолаб, унинг инсонпарварлик ва дўстлик руҳида ўтганини алоҳида таъкидладилар. Тадбир иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Маматов Абдуқул ака ва Бону опа хонадони бугун нафақат Сирдарёда, балки мамлакат миқёсида маънавият, тарих ва ижод уйғунлашган ноёб маскан сифатида танилган.
Бу ерда турли даврларга оид осори-атиқалар, қўлёзмалар, рангтасвир асарлари ҳамда нодир тўпламлар жамланган бўлиб, хонадон “уй-музей” сифатида кенг эътироф этилган.
Айниқса, Бону опа томонидан тўпланган миллий кашта, зардевор ва сўзана каби ҳунармандчилик намуналари хонадонга ўзига хос маданий руҳ бағишлаган.
Шу билан бирга, “Беш ташаббус” доирасида ёшлар учун турли тўгараклар ҳам йўлга қўйилган.
– Биз бу ерни фақат яшаш маскани эмас, балки маънавият ва тарбия маркази сифатида кўрамиз. Келган ҳар бир меҳмонга китоб, тарих ва қадрият ҳақида сўзлаймиз, – дейди Бону Маматова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири