Болалар учун лойиҳалар
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда болаларни ўқитиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу тариқа, Бухоро шаҳридаги 22-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда “Zukko bolajon” фотоальбом тақдимотига бағишланган мусиқий-бадиий тадбир ташкил этилди. Тадбир фотокўргазма ва миллий қадриятларимиз намойиши билан бошланди.
– Мамлакатимизда болаларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жаҳон стандартларига мувофиқ ўқитиш, маънавий юксалтириш, тўлақонли жамият аъзоси бўлиб етишиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, – дейди публицист ва олим Олим Тошбоев.
Маънавият фестивали доирасида жисмоний имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар болалари учун “Маърифий тур”, “Бахтли болалик” ва бошқа лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Улар 4 мингдан ортиқ болаларни қамраб олди. Шунингдек, бу йил вилоятларда бундай тадбирларни давом эттириш режалаштирилмоқда.
Н. Усмонова, ЎзА.