Болалар ҳуқуқлари кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Қонуннинг мақсади болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан иборат.
Қонун “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Жумладан, суд иши юритуви ва суд текширувининг барча босқичларида вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини таъминлаш мақсадида қонун билан Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Масалан, янги нормаларда вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар ва ўзининг жисмоний нуқсонлари ёки руҳий бузилишлари туфайли ҳимояланиш учун ҳуқуқлардан фойдаланишда қийинчилик ҳис қилаётган бошқа шахслар бўйича ҳимоячини рад этишга йўл қўймаслик назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганнинг истаги бўйича унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этиш имконияти назарда тутилмоқда.

Ўзгартиш ва қўшимчаларда вояга етмаган шахс қонуний вакилининг ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда албатта иштирок этиши, вояга етмаган гувоҳнинг ёки жабрланувчининг розилиги билан унинг қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчи вакили иштирокида сўров ўтказиш белгиланмоқда.