Болалар шаҳарчасига ташриф
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами муносабати билан Сирдарё вилояти юридик техникумининг бир гуруҳ педагог-ходимлари вилоят марказидаги “Болалар шаҳарчаси”га ташриф буюриб, у ерда тарбияланаётган болажонлар билан учрашди.
Учрашувда Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, давлатимиз мустақиллиги, халқимизнинг миллий манфаатлари, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришдаги аҳамияти тўғрисида суҳбатлашилди.

Ўз навбатида, “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари меҳмонларга Она Ватан, тинчлик, дўстлик, садоқат, табиат тўғрисидаги шеърларидан намуналар ўқиб берди. Тадбир ҳуқуқий мавзуда ўтказилган викторина билан янада қизғин тус олди. Болажонлар учрашув баҳона ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаб олди.

Тадбир сўнгида педагоглар томонидан “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси китоби ва тадбирда энг фаол қатнашган тарбияланувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири, Ф.ТОШМАТОВ, суратлар муаллифи