Болалар ҳимояси кучайтирилади
Парламент қуйи палатасининг мажлисида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат болаларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, бу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда уларга нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 282-моддасига вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини прокурорнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги қарори олинганидан сўнг судга юборишни назарда тутувчи қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши вояга етмаган болаларни зўравонлик ва шаҳвоний тажовузлардан ҳимоя қилиш, суриштирув босқичида оғир жиноятларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида яширилишига чек қўйиш ҳамда жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА