“Болалар ҳаракати” сардорлари сайланди
Наманганда вилоят ёшлар ишлари бошқармаси Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон болалар ташкилоти – “Болалар ҳаракати” доирасида ҳудудий сардорлар сайловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Мамлакатимизда ёшларга оид ташаббусларни амалга ошириш, болалар ўртасида етакчилик қобилиятини ривожлантириш мақсадида ўтказилан мазкур тадбир болаларни ҳар томонлама етук, фаол, масъулиятли ва ватанпарвар шахс сифатида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг тантанали очилишида Наманган вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишербек Акбаров, Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими бошлиғи Жаҳонгир Рашидов, Тошкент иқтисодиёт ва технологиялар университети Наманган филиали ректори Азизбек Аҳмедов ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришда бу каби танловлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
[gallery-27694]
Мазкур сайловлар болаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, лидерлик салоҳиятини ривожлантириш, уларни келажакда жамиятга фойдали, масъулиятли ва ташаббускор шахслар этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Вилоят босқичида, ҳудудий шаҳар, туман босқичларида сараланган иштирокчилар вилоят сардорлиги учун беллашди. Унда 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган 126 нафар номзод синовдан ўтди. Сардорлар тўққизта йўналишдан бирини танлаб, ўз иқтидорини тўлақонли намоён этишга интилди.
Сайлов якунларига кўра, энг кўп овоз тўплаган тўққиз нафар ташаббускор ва лидер болалар вилоят сардори этиб сайланди. Ғолибликни қўлга кирититган болалар ҳаракати сардорлари “Бош сардор", “Жасорат” сардори, “Ибрат фарзандлари” сардори, “Устоз АИ” сардори, “Яшил макон” сардори, “Мутолаа” сардори, “Қизлар академияси” сардори, “Иқтидор” сардори, "Матбуот ва медиа" сардори каби йўналишларда фаолият олиб боради.
Тадбир якунида ҳамкор ташкилот вакиллари томонидан вилоят сардорларига “ишонч ёрлиғи” ва эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА