“Болалар фестивали” болажонларга олам-олам қувонч ҳадя этди
1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида “Болалар фестивали” ташкил этилди.
Ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни юртимизда ўзгача нишонланади. Бу кун яқинлашган сари нафақат болажонлар, балки катта ёшдаги юртдошларимиз ҳам кун санай бошлайди. Ахир турмуш ташвишларига ўралашиб, чарчаган вақтларимизда ҳар биримиз болалигимизга қайтгимиз, унинг ширин ташвишлари ва завқли онларини яна бир бор ҳис қилгимиз келганлиги айни ҳақиқат.
Фестивалда минглаб болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сифатли таълим олиши, иқтидорини рўёбга чиқариши ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. Давлат сиёсати даражасида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий таълим ва тарбия муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Навоий шаҳрида ўтказилган “Болалар фестивали” ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий натижасидир. Фестиваль доирасида ташкил этилган турли лойиҳалар ҳар бир боланинг қизиқиши ва иқтидорини намоён этиши учун кенг имконият яратди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда фарзандларимизнинг билимли, соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Роҳила Очилова. – Навоий шаҳрида ўтказилаётган “Болалар фестивали” ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Фестиваль доирасида ташкил этилган маданий-маърифий, ижодий ва инновацион лойиҳалар ёш авлоднинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун кенг имконият яратмоқда. Зеро, фарзандларимиз бахти ва камолотига қаратилган ҳар бир саъй-ҳаракат юртимизнинг келажаги учун хизмат қилади.
Тадбир доирасида машҳур санъаткорлар иштирокидаги концерт чиқишлари, театр жамоаларининг саҳна асарлари, ёш рассомлар ва ижодкорлар кўргазмалари намойиш этилди. Шунингдек, “Китоблар оламига саёҳат” майдонида болалар учун қизиқарли китоблар тақдим этилиб, мутолаа маданиятини оширишга қаратилган турли танлов ва учрашувлар ўтказилди.
Спорт мусобақалари ва шоу дастурлар орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Чунки соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Миллий караоке, креатив майдонлар ва маданий тадбирлар эса ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва ижодий тафаккурни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Фестиваль доирасида ташкил этилган савдо ва кўчма хизмат кўрсатиш нуқталари тадбир иштирокчилари учун қулайликлардан бири сифатида алоҳида эътироф этилди.
[gallery-29721]
– Бугунги байрамда қатнашиб, маза қилиб ўйнадим, – дейди Сабина Фармонқулова. – Дугоналарим билан турли ўйинларда иштирок этдим, аттракционларда учдим. Бундай байрамлар кўп бўлаверсин.
“Болалар фестивали” юксак мақсадларни ўзида мужассам этган ҳолда, болалар учун ҳақиқий байрамга, оилалар учун эса унутилмас қувонч ва бахт манзилига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Албатта, бу каби тадбирлар давлатимиз томонидан амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодасидир. Зеро, болаларнинг бахтли кулгиси, уларнинг билимли, соғлом ва ватанпарвар бўлиб улғайиши мамлакатнинг эртанги тараққиёти ва фаровон келажагининг мустаҳкам пойдеворидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари