Болалар боғчасида маҳсулотларни сақлаш, ёнғин хавфсизлиги борасида камчиликлар аниқланди
Халқ демократик партияси ходимлари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар пойтахтимиз ва жойлардаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишмоқда. Ўрганишларда болалар боғчаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиш ҳолати ва бошқа кўплаб масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ўрганишлар доирасида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига партиядан сайланган депутат Нигора Эшметова Юнусобод туманидаги 53-сонли ҳамда 255-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида бўлди. Халқ вакили ушбу МТТларда болалар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳамда хавфсизлик чораларининг ҳолати юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганишлар давомида муассасаларда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, ҳудуд ободончилиги ҳамда тарбиявий жараёнларга оид қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, 255-сонли ДМТТда гўшт ва сут маҳсулотлари бир хил музлаткичда сақланаётгани, айрим музлаткичлар ишламаётгани, иссиқ овқат тайёрлаш бўлимида музлаткич мавжуд эмаслиги ҳамда кунлик намуналар олинмаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, муассаса ҳудудида асфальт қопламаси носоз. Ёнғин сигнализацияси ишламайди, ўт ўчириш воситалари талаб даражасида эмас. Айрим гуруҳларда кун тартибига тўлиқ амал қилинмаётганига гувоҳ бўлинди.

Ўрганишлар давомида халқ вакили боғчадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ходимларнинг санитария талабларига риоя этиш ҳолати юзасидан таклиф ва тегишли тавсияларни берди.
Тумандаги 53-сонли ДМТТдаги ўрганишлар давомида ҳам озиқ-овқат блокида музлаткичлар етишмаслиги, иш жараёнлари нотўғри ташкил этилгани кабилар аниқланди. Шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ҳамда ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганишлар давомида ҳар иккала боғчада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан муассаса масъулларига тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди ҳамда масалалар депутатлик назоратига олинди. Таъкидлаш лозимки, болалар боғчаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилиши фарзандларимиз саломатлиги, хавфсизлиги ва муносиб тарбия олишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА