Беназир инсон эди
Хотира – азиз, қадр – муқаддас
Дунёда шундай тушунча борки, у вақт ўтиши билан эскирмайди, аксинча, инсоният маънавий оламининг сарчашмасига айланиб бораверади. Бу – хотира ва қадрлаш.
Хотира бу шунчаки ўтган воқеа-ҳодисаларни эслаш эмас, балки аждодларимизнинг ҳаёт йўли, уларнинг юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги матонати, фидойилиги, садоқату жонкуярлигидан хулоса чиқаришдир. Ўзининг қисқа бўлса-да, мазмунли, маъноларга тўла умрини мустақил юртимизнинг равнақи, иқтисодиёт такомили, миллат фарзандлари истиқболи, ёш авлод маънавий юксалишига сарфлаган инсонлардан бири – Сувон Нажмиддинов эди.
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида Денов деган катта бир қишлоқ бор. Ерлари ҳосилдор, ариқлари тўла сув, одамлари бунёдкор, фарзандлари илмга, маърифатга чанқоқ сўлим бир маскан. Сувон ака 1964 йил 19 май куни маърифатли оилада туғилган. Умумтаълим мактабини тугатиб, Тошкент халқ хўжалиги институти – ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирди.
Ёшлигидан математикага қизиқиши кучли бўлган Сувон акадаги бу қобилиятни англаган оила бошлиғи Ўринбой ота барча ҳисоб-китобли жойларга ўғилларини олиб борардилар. Бу иқтидор Сувон акага қўл келди. 1985-1989 йилларда институтнинг “Тафтиш ва назорат” иқтисослигини аъло баҳоларда тугатиб, шу илм даргоҳида фаолиятини давом эттирди.
У аввалига “Бухгалтерия ҳисоби ва назорати” кафедраси ассистенти, кейинчалик аспиранти ва катта ўқитувчиси лавозимларида фаолият юритиб, 1996 йилда “Бозор иқтисодиёти шароитида, мева-узум маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнини ҳисобга олишни ташкил этиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Сувон Ўринович турли йилларда Тошкент молия институти илмий ишлар бўлими бошлиғи, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси молия департаменти раҳбари, Бош бошқарма бошлиғи, “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг бош директори ўринбосари, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ бош директори ўринбосари, 2007-2018 йилларда “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компаниясининг бош директори лавозимида самарали меҳнат қилган.
Табиатан хушчақчақ, оғир-вазмин, камтарин ва ташкилотчи бўлган Сувон ака меҳнат фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлашда мавжуд қонунчилик тамойилларига қатъий риоя этиш, ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоялашга катта аҳамият қаратди. Шу билан бирга, корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, салоҳиятли, иқтидорли ёш кадрларга муносиб шароит яратиб, уларнинг иқтидоридан юрт манфаати йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига жиддий эътибор қаратди.
2019 йилдан умрининг сўнгги дамларига қадар UNICON.UZ Фан-техник ва маркетинг тадқиқотлари марказида Сувон ака координаторлигида бир қатор IT лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар Марказнинг молиявий даромади ошишига салмоқли ҳисса қўшди.
Илмга чанқоқ, китоб мутолаасини доимий одатга айлантирган Сувон Ўринович томонидан 133 дан ортиқ илмий-услубий ишлар яратилди. Жумладан, 1 та дарслик, 1 та электрон дарслик, 3 та ўқув қўлланма, 1 та монография, 2 та тажриба-конструкторлик иши, 2 та услубий қўлланма, 2 та Интеллектуал мулк агентлиги гувоҳномаси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий журналларда чоп этилган қатор мақолалар изланувчи ва тадқиқотчилар учун қимматли мерос бўлиб қолди.
Камтарин инсон, талабчан раҳбар ва масъулиятли ходим бўлган Сувон аканинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланди. У киши Президентимиз фармони билан “Шуҳрат” медали, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 15 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Халқимизда “От ўрнини той босар” деган пурмаъно нақл бор. Меҳрибон ва оилапарвар ота сифатида Сувон аканинг фарзандлари камоли, юрт равнақи йўлида хизмат қилиши энг катта орзуларидан эди. Афсуски, бешафқат ўлим у кишини орамиздан эрта олиб кетди. Бироқ Сувон ака тарбиялаб вояга етказган уч фарзанд бугун отаси ишининг муносиб давомчилари бўлиб камол топмоқда.
Катта ўғли Сардоржон яқин кунларда иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилиш арафасида турибди. Кичик ўғли
Сарваржон Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талабаларга сабоқ бермоқда. Қизлари Фотимахон эса хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун фарзандлари ва тарбиялаган шогирдлари ютуқларини кўриб, Сувон Нажмиддиновнинг умри мазмунли ва баракали кечганига яна бир бор иқрор бўласан, киши.
Ҳамиша одамларга яхшилик илинжида яшаган, қийин паллаларда беминнат ёрдам қўлини чўзган, камсуқум, мулоҳазали, ҳалол ва покиза инсон Сувон акани ҳеч қачон унутмаймиз.
Нодир Ғаффоров,
ЎзДЖТСУ профессори,
филология фанлари доктори
ЎзА