Бола таъминотсиз қолмади
Фармон ва ижро
Мажбурий ижро бюросининг Оҳангарон туман бўлими томонидан Президентнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур ҳужжат бўйича “Алимент тўловлари жамғармаси” ташкил этилган бўлиб, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни жамғарма қоплаб беришга йўналтирилиши белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг тегишли ижро ҳужжатига асосан қарздор Б.Гуламовдан ундирувчи М.Гуламова фойдасига алимент ундириш белгиланган. Масъулиятсиз ота маъмурий жазога тортилишига қарамасдан ўзига тўғри хулоса чиқармади. У алимент тўловини тўлашдан бўйин товлаб келгани туфайли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Айбдор отанинг жинояти натижасида етказилган 48,4 миллион сўм миқдордаги зарар “Алимент тўловлари жамғармаси” ҳисобидан қопланди ва ундирувчи номига очилган банк пластик картасига ўтказилди.
А.Мусаев,ЎзА.