Бокуда классик автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди
Озарбайжон автомобиль федерацияси “Baku City Ring Operating Company” ва “Dreamland Golf Club” билан ҳамкорликда Бокуда классик автомобиллар паради ва кўргазмасини ташкил этди. Бу ҳақда “Азертаж” ахборот агентлиги маълум қилмоқда.
Тадбир Ҳайдар Алиев номидаги марказнинг доимий кўргазмасидаги автомобиллар намойиши билан бошланди. Улар орасида 1929 йилда ишлаб чиқарилган “Mercedes Benz Gazelle” ҳам бор эди.


Автомобиллар паради Приморск миллий боғидан бошланиб, шаҳарнинг марказий кўчалари ва хиёбонлари бўйлаб давом этди. Шунингдек, дастур давомида ”Dreamland” гольф клубида якуний классик автомобиллар кўргазмаси ҳам ташкиллаштирилди.
Иштирокчилар фикрича, ретро автомобиллари томошабинларда ностальгия туйғусини уйғотган.


Енгил машина ишқибозлари “Энг эски автомобиль” ва “Энг ноёб автомобиль” каби номинациялар бўйича ўзаро беллашдилар. Самимий руҳда ўтган йиғин озарбайжонлик таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт ва кўнгилочар дастур билан давом этди.

Ў.Алимов, ЎзА