Бокс мажмуаси фойдаланишга топширилди
Сирдарё вилоятида ёшлар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда профессионал спортчиларни тайёрлаш учун зарур инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида Гулистон шаҳрида замонавий бокс мажмуаси барпо этилиб, спортчи ёшлар ихтиёрига топширилди. Лойиҳа асосида 18х30 ўлчамдаги замонавий спорт зали, ювиниш ва кийиниш хоналари, тиббий хизмат хонаси, мураббийлар учун алоҳида хоналар ҳамда қўшимча маъмурий бинолар қуриб битказилди. Шунингдек, мажмуа замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди.
Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган очилиш маросимида Отабек Мавлонбердиев, Гулистон шаҳар ҳокими, вилоят бокс федерацияси раиси Фаррух Ўктамжонов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ва шунингдек, спорт соҳаси раҳбарлари, фахрийлар, мураббийлар ва ёш спортчилар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида вилоятда замонавий спорт иншоотлари сони ортиб бораётгани, бу эса ёшлар учун кенг имкониятлар яратаётганини таъкидлашди. Шу билан бирга, яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, спортчи ёшлар юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишлари зарурлиги қайд этилди.
[gallery-29860]
Очилиш маросими доирасида ёш спортчиларга бокс учун зарур бўлган спорт жиҳозлари ва махсус формалар топширилди. Янги бокс мажмуаси бир вақтнинг ўзида 120 нафарга яқин ёшларни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, бу ерда малакали мураббийлар раҳбарлигида замонавий талаблар асосида машғулотлар олиб борилиши режалаштирилган.
Мазкур спорт иншоотининг фойдаланишга топширилиши Сирдарё вилоятида спортни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва профессионал спортчилар захирасини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обижжонов (сурат) ЎзА