FIFA мухлислар учун янги чеклов жорий қилди
“NBC News” ёзишича, футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйини пайти стадионга қайта ишлатиладиган суюқлик идиши олиб кириш мумкин эмас.
– FIFA ўйинчи ва томошабинлар жароҳат олиши хавфини камайтириш учун идишдан фойдаланишни тақиқлади, – деди халқаро бошқарув идораси вакили.
Дарвоқе, турнир чоғи Қўшма Штатлар, Мексика ва Канадада иссиқлик жиддий муаммо туғдириши кутиляпти. Умуман, АҚШнинг баъзи жанубий минтақаларида июнь-июль оралиғи кундузги иссиқ мунтазам равишда 27-28°С ва янада юқори даражага кўтарилади.
FIFA стадионда мухлислар учун ҳароратни пасайтириш учун ташкилий қўмита шаҳар бўлимлари ва маҳаллий ҳокимият билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.
– Мажмуа бўйлаб сув пуркагич, шамоллатгич, ичимлик фаввораси, совутиш чодири каби турли қурилмалар ҳозирланди, – дейилган баёнотда.
Бундай ўзгариш томошабинлар учун жорий этилган тақиқ қоидасида келтирилган 35 саҳифали FIFA стадиони хулқ-атвор кодексида акс этган. Аввал мазкур ҳужжатга кўра, майдонга 1 литргача бўш, шаффоф, қайта ишлатиладиган елим идиш олиб кириш мумкин эди. Энди бу қоида янгиланди.
Ирғитиш натижасида жароҳатланиш хавфини оширадиган шиша, стакан, банка каби буюмлар ҳам чеклов таркибига киритилган.
11 июндан 19 июлгача давом этадиган 48 жамоа иштирокидаги мазкур мусобақа давомида ўйиннинг ҳар икки таймида уч дақиқалик алоҳида танаффус берилади.
Буюк Британияда, Бельфастдаги Қиролича университетида ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, ЖЧ ўйинлари ўтадиган 16 стадиондан 14 тасида ҳарорат инсон саломатлиги учун хавфли даражага чиқиши мумкин. FIFA стадион қоидасида айрим суюқликлар учун истиснони назарда тутади. Мухлис бола учун 1 литргача чақалоқ сути ва стерилланган сув олиб кириши мумкин. Тиббий асосга кўра талаб қилинадиган суюқликка ҳам рухсат берилади: 500 миллиграммдан ошмаса ва инглиз, француз ёки испан тилида тақдим этилган тиббий маълумотнома билан тасдиқланган бўлса.
Хулқ-атвор кодексида стадионга қурол, мушак каби буюмлар, шунингдек вувузела, ҳуштак, карнай ва бошқа шовқин ҳосил қиладиган, ҳаддан ташқари баланд товуш чиқарадиган шар ва қурилмалар олиб кириш ҳам ман этилган.
Г.Сатторова, ЎзА