Боғи Бобур – Андижон рамзи
Андижондаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғи шаҳарнинг жануби-шарқий қисмидаги Боғишамол даҳасида жойлашган. Умумий майдони 357 гектар бўлиб, унга 1973 йили асос солинган.
Ана шу йили вилоят ижроия қўмитаси қарори билан андижонлик меҳнаткашлар учун дам олиши маскани ташкил этиш мақсадида Андижон шаҳрига туташ Хакан адирликларидан 300 гектар ер ажратилиб, “Боғишамол” дам олиш масканини барпо этишга киришилди. Қурилиш, ободонлаштириш ишларига вилоятдаги жуда кўп ташкилотлар, кенг жамоатчилик жалб этилди. Чинор, қайрағоч, арча ва бошқа турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ошхона ва чойхоналар қурилди. Бир неча йил ўтиб, Боғишамол халқ дам оладиган сўлим масканга айланди.
Андижон шаҳрининг жануби-шарқий қисмида, сўлим Боғишамол даҳасида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғи бугунги кунда нафақат маҳаллий аҳоли, балки сайёҳларнинг ҳам энг севимли масканига айланган.
Ушбу улкан яшил воҳанинг тарихи 1973 йилга бориб тақалади. Ўшанда вилоят раҳбарияти қарори билан Хакан адирликлари бағридан 300 гектар ер ажратилиб, халқ учун бетакрор дам олиш маскани барпо этишга киришилган эди. Кейинчалик боғ ҳудуди кенгайтирилиб, бугунги кунда 357 гектарни ташкил этмоқда.
[gallery-29379]
Масканнинг яратилиши ҳақиқий умумхалқ ҳашарига айланиб кетди. Кенг жамоатчилик ва турли ташкилотларнинг фидокорона меҳнати эвазига қисқа фурсатда адирликлар бағрида минглаб чинор, қайрағоч, арча ва бошқа манзарали дарахтлар бўй кўрсатди. Шинам ошхоналар ва миллий чойхоналар қурилди. Йиллар ўтиб, «Боғишамол» қуруқ адирликдан Андижоннинг чинакам табиат мўъжизасига ва соя-салқин гўшасига айланди.
1992 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллик тантаналари муносабати билан мазкур маскан Бобур номли миллий истироҳат боғи, деб юритила бошланди.
Бугунги кунда боғ ҳудудида шарқона услубда қурилган Арк – дарвоза, Бобур Мирзо ҳайкали, шоирнинг рамзий мақбараси, масжид, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, ўттиздан зиёд замонавий аттракционлар, фавворалар, узунлиги 3,5 километр бўлган осма сим йўл, ресторан, кафе, кўплаб ошхона ва чойхоналар, меҳмонхона, кутубхона мавжуд.
“Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан Бобур халқаро илмий экспедициянинг сафарлари давомида дунёнинг турли ҳудудларидан олиб келинган темурийлар, бобурийлар сулоласининг тарихига оид ноёб китоблар, қўлёзмалар ҳамда турли экспонатлар жой олган.
Бобур номли халқаро жамоат фонди ЎзФА Астрономия институти билан ҳамкорликда боғнинг энг баланд қисмида “Ёшлар дунёси” деб номланган илмий-маърифий марказ ташкил этган. Марказда ёшларга коинот сирлари ҳақида маълумот берувчи обсерватория барпо этилган. Бобур миллий боғи халқаро туризм маршрутига киритилган ва баҳор, ёз ойларида минглаб зиёратчи ва дам олувчилар билан гавжум бўлади.
– Бобур боғи хушҳаво, сўлим, чиройли маскан, – дейди Асака туманидаги 26-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Абдурашид Эргашев. – Айниқса, ёзнинг жазирама кунлари бу ерда дам олиш кишига роҳат бағишлайди. Шу боис, оиламиз билан бу ерга тез-тез келиб турамиз. Бугун ҳам ўғилларим, келин ва набираларим билан келиб, ҳордиқ чиқаряпмиз. Боғда дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ёз ойларида бу ерга кунига 2-4 минг нафарга яқин юртдошларимиз ҳамда хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Сайёҳларнинг кўнгилли дам олиши учун боғда зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Бундан ташқари, боғнинг турли майдон ва саҳналарида кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ташкил этилади.
Боғда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ўсадиган турли хил мевали, манзарали дарахтлар, гул ва ўсимликлар парвариш қилинади. Боғ ҳудудининг катта қисми адирликдан иборат эканлиги боис, 2014 йилда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббуси билан “Зайтун ва бошқа субтропик экинлар етиштириш илмий маркази” ташкил қилиниб, сувсизликка чидамли писта, бодом, ёнғоқ кўчатларини етиштириш ҳамда хорижий давлатлардан олиб келинган зайтун дарахти кўчатларини Ўзбекистон иқлимига мослаштириш борасида илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 4 минг тупдан зиёд кўчатлар экилиб, пистазор, ёнғоқзор, зайтунзорлар барпо этилди.
Президентимизнинг 2017 йилда Андижон вилоятига қилган ташрифи чоғида Бобур номли миллий истироҳат боғида бўлиб, боғни жаҳон андозаларига мос, замонавий, республика мақомидаги маданият ва истироҳат боғига айлантириш юзасидан қатор топшириқлар берди. Ана шу топшириқлар асосида кейинги йилларда боғда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, боғнинг марказий хиёбонига муҳташам масжид ва музей қурилди, рамзий мақбара қайта таъмирланди.
Боғнинг кириш дарвозаси олдига замонавий фаввора барпо этилди, йўлларга асфальт ётқизилиб, боғ ҳудудига ўриндиқлар, чиқиндилар учун махсус қутилар ўрнатилди. Шунингдек, боққа ташриф буюраётган меҳмон ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида дам олиш масканининг энг юқори қисмида жойлашган “Боғи баланд”, “Кема” дам олиш жойлари тўла таъмирланди, осма йўли янгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Андижоннинг ўзига хос рамзига айланган Бобур номли миллий истироҳат боғи бугун нафақат андижонликлар, балки шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган энг сўлим ва гавжум масканларидан бири сифатида барчага манзур бўлмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.