Бобур – шеърият ва мусиқа билимдони
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида миллий адабиётимизнинг йирик намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллигига бағишлаб маърифий кеча ўтказилди.
"Дўстлар клуби" тузилмасининг "Сўз, оҳанг ва тасвир" лойиҳаси доирасидаги ушбу тадбирга мусиқашунослар, композиторлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбек миллий мақом маркази раҳбари Сойибжон Бегматов ва бошқалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди наинки миллий адабиётимиз, балки мусиқа санъати билан узвий боғлиқ эканини таъкидладилар.
Мутахассисларнинг фикрича, Бобур мумтоз адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатнинг билимдони эди. Диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлганди. Ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб, ҳомийлик қилди. Уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай муносабати бежиз бўлмаган.

Олимларнинг қайд этишича, Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди. Мусиқа илмига оид бир қанча рисолалар яратди. Энг мураккаб вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади.
Бобурнинг она тилимизга чексиз эҳтиром рамзи бўлган бетакрор ғазаллари энг юксак туйғуларни ғоят нафис тарзда ифода этиши билан бирга ажиб мусиқий оҳанги билан ҳам жаҳон шеърият мухлислари эътиборини қозонган.
Тадбирда Бобур ижодидан намуналар янгради. Унинг ғазаллари билан ижро этилувчи қўшиқлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова, ЎзА