Бобур мероси жаҳон олимлари нигоҳида
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда юртимиздаги бобуршунос олимлар, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари билан бирга Миср, Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон ва Қирғизистондан таниқли адабиётшунос ҳамда тарихчи олимлар, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди вакиллари бевосита ва онлайн иштирок этди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида бобуршунос олимлар – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмонов, Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳамидулла Болтабоев, Самарқанд давлат университети профессори Жўлибой Элтазаров ва бошқалар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий мероси, уни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида кейинги йилларда олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳақида сўз юритди. Улуғ аждодимизнинг меросини ўрганиш нафақат адабиёт, балки тарих, география ва бошқа фанлар бўйича муҳим маълумот ва тарихий фактларга эга бўлиш имконини беришини таъкидлади.

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади – дейди Самарқанд давлат университети мумтоз адабиёт кафедраси мудири, филология фанлари доктори Исроил Сулаймонов. – Унинг биргина “Бобурнома” асари ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик дурдоналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир. Шу сабабли бу асар дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олий ўқув юртларида, илмий- тадқиқот институтлари ўрганилмоқда, турли тилларга нашр этилмоқда. Бугунги халқаро анжуманга тақдим этилган бир қатор хорижлик олимларнинг маърузаларида бу борадаги илмий изланишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Ялпи мажлисдан сўнг анжуман “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даври адабиёти”, “Бобурнома”нинг жаҳоний ўрни ва шуҳрати”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур: тил, услуб ва таржима”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва замонавий адабиёт”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарих, этнография, давлатчилик ва ҳуқуқ масалаларига доир қарашлари”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даврида география, экология, таълим ва тарбия” мавзуларидаги етти шуъбада давом этди. Бу мажлисларда 80 га яқин олим ва тадқиқотчининг маърузалари тингланди.

Жумладан, “Бобурнома” нашрлари, Бобурнинг янги топилган “Тақтиъ” рисоласи, Бобуршоҳ ва бобурийлар даврини акс эттирган турк адибларининг тазкиралари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг географик мероси юзасидан фикр алмашилди.
Конференцияда тақдим этилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида илмий-назарий хулосалар жамланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири