“Бобур издошлари” мамлакат босқичида қатнашади
Ватан ҳимоячилари куни арафасида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан” деб номланган интеллектуал беллашувнинг Шарқий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тегишли буйруғига асосан, шоҳ ва шоир, буюк саркарда таваллудининг 541 йиллиги олдидан унинг ҳарбий маҳоратини, ижодини чуқур ўрганиш, асарларини мутолаа қилиш, шунингдек, ҳарбийлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди. Беллашувнинг округ босқичида Шарқий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларнинг 10 жамоаси белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
[gallery-15457]
Беллашувда иштирокчи жамоалар буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қудратли давлат ташкил этишдаги стратегик ёндашувлари, амалга оширган ислоҳотлари, қўшинни бошқариш маҳорати, шу билан бирга, унинг ижодига оид савол-жавоблар асосида ўзларининг билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Бобур издошлари” жамоаси ғолиб чиқиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Беллашувнинг ғолиб ва совриндорлари округ қўмондонлигининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Беллашув доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари