Боботоғ обод ва фаровон массивга айланади
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Узун туманидаги Боботоғ массивида бўлиб, Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси билан танишди.
Чекка ва олис ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, одамларга яратилаётган шароитларни кўздан кечириб, аҳоли билан юзма-юз учрашди. Вилоят раҳбарининг сайёр қабулида мурожаатчилар электр энергияси ва ичимлик сув таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли бандилигини ҳал этиш каби муҳим масалаларни ўртага ташлади.



– Узоқ йиллар эътибордан четда қолган бу массивда қалбида шукроналик туйғуси мустаҳкам, сабр-қаноатли одамлар яшайди, – деди Улуғбек Қосимов. – Сизларнинг муносиб турмуш кечиришларингиз учун давлатимиз алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда. Президентимизнинг Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига оид қарори ҳам бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшашларингизни таъминлаш учун қабул қилинган. Энг муҳими Боботоғда унумдор ер бор. Атрофларингиз бепоён ўрмон. Бандлик масалаларингизни ечиб, даромадларингизни янада ошириш учун бу имкониятдан ҳам унумли фойдаланамиз. Бугун биз мутасаддилар билан айнан ана шу масалани ҳам муҳокама этиб, зарур чора-тадбирларни белгилаб оламиз. Боботоғни обод ва фаровон массивга айлантирамиз.

Юзма-юз мулоқот чоғида Боботоғ ўрмон хўжалиги ерларини одамларга ижарага бериш орқали бандлигини таъминлаб, даромадини ошириш, писта ва коврак кўчатларини кўпайтириш юзасидан тегишли топшириқ берилди. Шу куни Толтуғай маҳалласидаги 34-мактабда мутасаддиларнинг ҳудудни ривожлантириш, янги ерларни ўзлаштириш бўйича лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Лойиҳада 8 минг 400 гектар майдонни фойдаланишга киритиб, унинг 400 гектарида шоли етиштириш мўлжалланмоқда. Қолган майдонларда ҳам ҳудуднинг иқлимига мос қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаб, салмоқли ҳосил олиш режалаштирилган.

Вилоят раҳбари экинларни суғориш учун массивни оқова сув билан таъминлайдиган тўртта насос станциясини тўла қувватда ишга туширишга халқаро грант маблағларини жалб этиш ғоясини илгари сурди. Оқмачит маҳалласидаги 984 оилада 3 минг 500 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино бунёд этилиб, “маҳалла еттилиги”нинг фаолият юритиши учун барча шароит яратилди.
Вилоят раҳбари маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига старт бериб, маҳалла фаоллари билан дарахт кўчатлари экди.

– Сўнгги йилларда Боботоғ чинакам бунёдкорлик майдонига айланди, – дейди Оқмачит маҳалласи раиси Тожиддин Ғуломов. – Давлатимиз биз учун катта имкониятлар яратиб, тадбиркорларимизга имтиёзлар ҳам берди. Мактаб, мактабгача таълим муассасалари барпо этилиб, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун зарур қулайлик яратилмоқда. Тиббий хизмат кўрсатиш ривожлантириляпти. Хуллас, маҳалла идорасигача қуриб берилмоқда. Ичимлик ва оқова сув муаммоларимиз ҳал бўлаётир. Янги ерлар ўзлаштирилмоқда. Буларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга қаратилганидан халқимиз жуда мамнун.


Йўл-йўлакай вилоят раҳбари маҳалладаги 63-мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ҳам кўздан кечирди. Таълим муассасасининг иситиш тизими билан боғлиқ муаммони бартараф этишда муддат белгиланиб, масъулларга вазифалар топширилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Боботоғга келиб, ёшларга сабоқ бераётган фидойи ўқитувчилар ҳолидан хабар олинди. Учрашувда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш хусусида атрофлича фикр алмашилди. Улуғбек Қосимов мактабда ЮНИСЕФ кўмагида ташкил этилган сайёр тикувчилик цехи, тайёрлов гуруҳлари фаолияти ва кутубхона билан танишди. Аълочи ўқувчиларга қизиқарли китоблар жамланмасини туҳфа қилди.

Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири