БМТТД – Савдо-саноат палатасининг ишончли ҳамкори
Мазкур икки ташкилот жорий йилнинг май ойидан яна бир янги – “Бизнес-клиника» лойиҳасини амалиётган татбиқ этиб, пандемия ва ундан кейинги даврда юртимиздаги тадбиркорларга ҳар жиҳатдан кўмак бериб келмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2007 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Ўзбекистон бизнес-форуми” ва “Стартап Ташаббуслар” лойиҳалари шулар жумласидандир.
Мазкур икки ташкилот жорий йилнинг май ойидан яна бир янги – “Бизнес-клиника» лойиҳасини амалиётган татбиқ этиб, пандемия ва ундан кейинги даврда юртимиздаги тадбиркорларга ҳар жиҳатдан кўмак бериб келмоқда.
ЎзА мухбирига "Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш" лойиҳаси миллий консультанти Фарҳод ЖАББОРОВ бу ҳақда батафсил маълумот берди:
– “Бизнес-клиника» лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад “COVID-19” пандемияси сабабли тадбиркорлик фаолиятида юзага келган салбий оқибатларни юмшатишга қаратилган, – деди Ф.Жабборов. – Шу сабабли, айни чоғда Савдо-саноат палатаси томонидан 1094 қисқа рақамли ягона алоқа маркази фаол ишламоқда. У орқали тегишли фармон ва қарорлар билан тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида бепул юридик ва бизнес маслаҳатлар бериб борилаётир. Мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтириш учун мутахассислар иштирокида доимий ташкил этилаётган вебинар ва видеолавҳалар тадбиркорларимиз мушкулини енгил қилишга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, пандемия пайтида ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар самарали бўлди. Масалан, ўтказилган ўттизга яқин вебинарлар муҳокама этилган мавзуларнинг долзарблиги билан мингга яқин иштирокчини қамраб олди. 1094 ишонч телефонига 800 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди ва уларга зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 16 қисқа-метражли видеоролик тайёрланиб, интернет тармоғига юкланди. Ҳар куни интернетдаги каналимизга янги савол-жавоблар, бизнес-маслаҳатлар ва тадбиркорлар учун керакли материаллар юкланмоқда. Мақсадимиз эса бундан ҳам яхши натижага эришишдир.
Маълумки, вебинарлар онлайн тарзда интернет орқали ўтказилади. Албатта, бизда учраган муаммо, бу – вилоятлардаги тадбиркорларни Zoom платформасига жалб этиш ва бу орқали вебинарларни ҳавола этишдир. Бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳар бир вебинар ўз тингловчиларини топишга муваффақ бўлмоқда. Шу кунга қадар маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан "Ўзбекистонда амалдаги солиқ ва тўловлар", "Ташқи савдо шартномасини тузишдаги нюанслар”, “Пандемия даврида қўшимча солиқ имтиёзлари”, “Маҳсулотларни экспорт қилишда тақдим этилаётган имкониятлар”, "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имтиёзли кредитлар мавжуд?" каби мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбиркорларнинг муаммосини ҳал қилиш бизнинг муҳим вазифа ва мақсадимиз ҳисобланади. Ушбу лойиҳада маслаҳатларимиз орқали оптимал йўлни кўрсатиб, пандемия даврида тадбиркорларга иложи борича энг сифатли ва долзарб маълумотларни етказамиз.
БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “IBS – Интеграциялашган кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини таклиф этмоқда. Бундан мақсад кичик бизнес вакиллари фаолиятини такомиллаштиришда тренинглар ва консалтинг хизматлари ҳамда индивидуал коучинг маслаҳатларини ташкил этишдир. Уч босқичда ташкил этиладиган танловнинг энг яхши лойиҳаларини амалга ошириш учун 10 минг доллар миқдоригача эквивалентда беғараз техник кўмак ажратилади.
Мамлакатимизда давом этаётган карантин чоралари ва чекловлар тадбиркорлик фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Айни шу муаммолар ечимида бу каби лойиҳалар вазиятни юмшатишда муҳим аҳамиятга эга.