БМТ вакиллари Ўзбекистондаги сув ислоҳотларини юқори баҳолади
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги Форумида иштирок этмоқда.
Форум доирасида юртимиз делегацияси БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) администратори ўринбосари Хаолян Сюй билан учрашув ўтказди.
У учрашув чоғида Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасида қисқа муддатда қўлга киритган амалий натижалари ва соҳага инновацион ечимларни жорий этиш суръатлари унда катта таассурот қолдирганини ва бу ютуқлардан ҳайратда эканлигини алоҳида таъкидлади.
БМТ вакили ушбу кенг кўламли янгиланишлар бевосита Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган стратегик ёндашуви туфайли ҳаётга татбиқ этилаётганини қайд этди. Хаолян Сюй БМТТД Ўзбекистондаги сув ислоҳотларини бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, навбатдаги мулоқотда Ўзбекистон делегацияси БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Цзюньхуа билан учрашди.

У учрашув чоғида сув хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Ўзбекистон билан шерикликни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади.
Жаноб Ли Цзюньхуа Ўзбекистон томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусни — Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган сув тежаш бўйича Бутунжаҳон форумига БМТ мақомини бериш ҳамда ушбу тадбирни глобал миқёсдаги доимий платформага айлантириш таклифини тўлиқ маъқуллади.
У БМТ томонидан мазкур нуфузли форумни юқори даражада ташкил этиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Делегациямиз Финляндия сув масалалари бўйича махсус элчиси Антти Раутаваара билан ҳам учрашув ўтказди.

Учрашувда Антти Раутаваара Ўзбекистонда Президент раҳнамолигида сув хавфсизлигини миллий устуворлик даражасига кўтариш орқали эришилган тарихий натижаларни юқори баҳолади.
Финляндия томони Ўзбекистон билан трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш механизмларини такомиллаштириш, БМТнинг Халқаро сув конвенциялари доирасидаги шерикликни изчил давом эттириш ва янги давлатларни ушбу шартномаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, давлат, илм-фан ва бизнесни бирлаштирган “Finnish Water Forum” модели асосида Марказий Осиё минтақаси учун янги ҳамкорлик платформасини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар икки мамлакат тегишли идоралари ўртасида тўғридан-тўғри тажриба алмашишни йўлга қўйиш, сув дипломатиясини ривожлантириш ва сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича қўшма лойиҳаларни қилишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Форум доирасида Ўзбекистон делегациячиси Нидерландиянинг сув ресурслари бўйича махсус вакили Майке ван Гиннекен билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Нидерландия томони Европа Иттифоқининг сув соҳасидаги бой тажрибаси билан ўртоқлашди. Таъкидланганидек, тарихан Нидерландияда сув мўл бўлган ва сув танқислиги муаммоси кузатилмаган. Бироқ сўнгги йиллардаги глобал иқлим ўзгаришлари натижасида ушбу мамлакатда ҳам сув тақчиллиги сезила бошлаган.
Шу боис, сув ресурсларининг аксарият қисми трансчегаравий манбаларга тўғри келадиган Нидерландия учун ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик ҳаётий аҳамиятга эга. Ҳатто Европа Иттифоқи мамлакатларини ҳам айнан умумий сув масалалари ва уларни биргаликда ҳал этиш ечимлари бирлаштириб туради.
Учрашув якунида Майке ван Гиннекен Ўзбекистонда сув соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ва эришилаётган натижаларни юқори баҳолади. Нидерландия вакили мамлакатимиз билан сув ресурсларини оқилона бошқариш йўналишида яқин ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёрлигини билдирди.
ЎзА