Инсон қадри улуғланган, халқчил ва адолатли суд тизими – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Янги фармон шарҳи
Тараққиётнинг ҳар бир янги, масъулиятли босқичи жамият олдига янги ва янада улуғвор вазифалар қўяди. Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, ортга қайтмас ва шиддатли ислоҳотларнинг марказида энг улуғ қадрият – инсон шаъни, қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш каби олий мақсадлар турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги стратегик қарашларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарувчи, мамлакатимизнинг келажак ўн йилликдаги тараққиёт йўналишларини аниқ белгилаб берувчи тарихий ва дастуриламал ҳужжат бўлди. Ушбу фармоннинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етмоқ учун унинг нақадар ҳаётий, халқчил ва чуқур инсонпарвар ғояларга суяганига эътибор қаратиш лозим, чунки у оддий инсонларнинг кундалик ҳаётида адолат ва хотиржамликни таъминлашга хизмат қилишга қаратилгани билан ҳам ўзидан олдинги соҳага оид ҳужжатларга нисбатан аҳамиятли саналади.

Мазкур Стратегия суд тизимини ислоҳ қилишнинг олтита муҳим ва яхлит устунига асосланади. Хусусан, “халқчил суд” тамойили орқали судлар фаолиятининг шаффофлигини кескин ошириш, суд жараёнлари ва унга оид ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, судларни ҳар қандай бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш ҳамда жамиятда судга нисбатан мутлақ ишончни қарор топтириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай ташқи таъсир ва аралашувлардан тўлиқ холи бўлган мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш орқали уни ҳақиқий “адолат қўрғони”га айлантириш устувор вазифа этиб белгиланди. Қонуний, адолатли ва қатъий асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ҳамда барқарорлигини таъминлаш эса фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали қайта тиклаш кафолатларини янада кучайтиради.
Албатта, бундай юксак марраларга эришиш учун аввало халқ хизматида бўлган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, профессионал ва адолат мезонларига содиқ судьялар корпусини шакллантириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бундан ташқари, рақамли одил судловни жорий этиш орқали фуқароларга ортиқча оворагарчиликларсиз, тезкор ва қулай суд муҳокамаси имкониятини яратиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий амалиётга имплементация қилиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш мазкур стратегик ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли очиб беради.
Қолаверса, Стратегияда ислоҳотларнинг амалий натижаси ўлароқ, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳамда юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилиши белгиланди. Бу оддий инсонлар ҳаётида нималарни ўзгартиради? Аввало, маҳаллий таъсирлардан холи бўлган ҳолда суд қарорларини холис ва адолатли кўриб чиқиш учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, айниқса чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини яқинлаштириш мақсадида 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судлари босқичма-босқич ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу олис қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган юртдошларимизнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кескин кенгайтириб, уларнинг оворагарчиликларига барҳам беради.
Инсон қадрини улуғлаш йўлидаги энг катта қадамлардан яна бири бу – жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини тубдан кучайтиришдир. Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш юзасидан илтимосномаларни кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ваколатлари берилади. Бу – ҳар бир фуқаронинг шахсий эркинлиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларда қатъий конституциявий кафолатларнинг амалда ишлашини кафолатлайди. Эндиликда инсон тақдирига дахлдор ҳар бир процессуал қарор фақатгина профессионал ва холис суд назорати орқали амалга оширилади.
Шунингдек, фармон билан судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш борасида ҳам улкан қадамлар ташланмоқда. Жумладан, 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиб бориш амалиёти – “Прецедентлар” реестри жорий этилади. Бу эса суд қарорларининг барқарорлиги ва бирхиллигини таъминлаб, фуқаролар ва тадбиркорларга ҳуқуқини олдиндан айтиб бериш имкониятини яратади.
Шу билан бирга, суд биноларида “ягона дарча” тамойили асосида замонавий хизмат кўрсатиш офисларининг фаолияти йўлга қўйилиши фуқароларга зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида олиш, процессуал мурожаатлар бўйича ташкилий ёрдам кўрсатиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмак беради. Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) ва унинг ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларини соддалаштириш орқали одамларнинг оғирини енгил қилади.
Қолаверса, судлар мустақиллигини таъминлашнинг энг муҳим шарти сифатида 2028 йил 1 январдан бошлаб халқаро стандартлар асосида суд маъмурчилиги институти жорий этилиши белгиланди. Бу судьяларни одил судловга дахлдор бўлмаган ташкилий, хўжалик ва бошқа вазифалардан тўлиқ озод этиб, уларнинг фақат ва фақат қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатли қарорлар чиқариш билан шуғулланиши учун барча зарур шароитларни яратади.
Хулоса қилиб айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда инсон қадрини устувор қўйиш, қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш ҳамда конституциявий қадриятларни ҳимоя қилишнинг яна бир тарихий амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз ваколатлари доирасида ҳар бир қонун нормаси, шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар Бош қомусимизнинг руҳи ва мазмунига тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлашга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда миллий қонунчилик тизимини изчил такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади.
Ишончим комилки, ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон эркинлиги ва дахлсизлигининг кучли конституциявий кафолатларининг янада мустаҳкамланиши жамиятимизда одил судлов ва адолат тамойилларининг тантана қилишига ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муваффақиятли рўёбга чиқарилишига хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА