БМТ ҳозир оғир синовларни бошидан кечирмоқда
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 24 октябрь куни нишонланадиган БМТ куни муносабати билан ташкилотга йўллаган мурожаатида ташкилот ҳозирда оғир синовларни бошидан кечираётгани таъкидланади.
Унинг сўзларига кўра, БМТнинг ташкил этилиши амалда умидлар рўёби ҳисобланади.
"Иккинчи Жаҳон урушидан кейин глобал можаролардан глобал ҳамкорликларга ўтилди. Бугунги кунда ташкилот оғир синовларга дуч келмоқда", – деди Гутерриш.
Бироқ, унинг айтишича, БМТ айнан шундай муаммоларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган.
"Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида қайд этилган қадриятлар ва тамойилларни дунёнинг барча ҳудудида ҳаётга жорий қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади. Имкониятлар бериш йўли билан инсонларнинг ҳаётини хавф остида қолдираётган можароларни тўхтатиш ҳамда тинчлик ўрнатиш бизнинг келажагимиз ва тараққиётимизни белгилайди", – дея таъкидлади у.
Бош котиб шунингдек, халқаро ҳамжамиятни ўта қашшоқликка барҳам бериш ва тенгсизлик кўламини қисқартириш учун ҳаракат қилишга чақирди. Қазиб олинадиган ва қайта тикланмайдиган ёқилғилардан фойдаланишни тўхтатиш йўли билан сайёрамиз муҳофазасини таъминлаш зарурлигини эслатди.
БМТ куни – 1945 йил Ташкилотнинг Низоми қабул қилингандан кейин нишонлаб келинади. Ташкилот ушбу асосий ҳужжат иштирокчиларининг кўпчилиги томонидан ратификация қилинган кундан бошлаб расман фаолиятини бошлаган. Мазкур ҳужжатни Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо ҳисобланган бешта давлат ҳам имзолаган.