Бизнес-омбудсман томонидан 901 та тўқимачилик корхонасининг ҳуқуқи тикланди
Маълумки, Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент вилоятида тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлардан электр энергияси учун қонунчиликка зид равишда бир ойлик олдиндан тўлов талаб қилиниши ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси истеъмоли бўйича бир ойлик олдиндан тўлов қилиш талаби бекор қилинган.
Ўрганиш натижасида “Toshkent hududiy energosavdo” филиалига огоҳнома киритилиб, 901 та тўқимачилик ва тикувчилик корхонасини қамраб олувчи тизимли муаммо бартараф этилди. “HET BILLING” ахборот тизимидаги техник ва ташкилий камчиликлар тузатилиб, мазкур тоифадаги тадбиркорларга белгиланган имтиёзларни тўлиқ қўллаш таъминланди.
Шунингдек, жорий йилда мазкур талабларни бузган 18 нафар туман ва шаҳар электр таъминоти ташкилотлари мансабдор шахслари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-6-моддаси асосида маъмурий жавобгарликка тортилган.
Натижада 901 та тадбиркорлик субъектининг электр энергияси бўйича қонунда белгиланган имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи оммавий тарзда ҳимоя қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА